Фарғона вилоятида ҳисобот даврида 5 минг 325 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар махсус дастур асосида иш билан таъминланди. 154 нафар аёлга Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва вилоят ҳокимлиги томонидан намунавий лойиҳадаги арзон уйларнинг дастлабки тўлови тўлаб берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитини яхшилаш, қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизларни хусусий тадбиркорликка йўналтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 42 мингдан зиёд хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. 2 минг 316 нафар хотин-қизга 133 миллиард 780 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди.
Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримлар олдини олиш борасида ҳам муайян ютуқларга эришилмоқда. Ўтган икки йилнинг ўзида 2 минг 708 та ажрашиш арафасига келиб қолган оилалардаги муросасизлик бартараф этилди. Бу жараёнда вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Қайноналар кенгаши” ва унинг таркибидаги 10 мингдан ортиқ фаол ва фидойи онахонларнинг ҳиссаси катта. Аммо олиб борилаётган ишларга қарамай, жорий йилнинг 10 ойи давомида 2 минг 592 та ажрим қайд этилган. 2 минг 708 та оила ажралиш ёқасига келиб қолгани аниқланган.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган бўлса-да, Фарғона, Қўқон шаҳарлари ва Фарғона туманида бу салбий ҳолатлар кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда.
Бу рақамлар Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитасининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида қайд этилди. Қўмитанинг беш йиллик фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашда хотин-қизлар қўмиталарининг долзарб вазифалари хусусида сўз юритди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари вазифасида фаолият олиб бораётган Дилафрўз Қосимова Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб сайланди.