2018 йилнинг июль ойидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилган.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Шу сабабли, харид қилинган товарлар бўйича қайтим ўрнига сотувчи томонидан кам баҳоли турли товарларнинг қайтарилишидан норози бўлинса:
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 рақамли “ишонч телефони”га мурожаат қилиш сўралади.
Шунингдек, тадбиркорларга ҳам мурожаат қилинган.
Қайд этилишича, савдо дўконлари, супермаркетлар, умумий овқатланиш корхоналари, дорихоналар, транспорт ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари харидорларга қайтим пулларини тўлиқ беришни таъминлаш мақсадида, майда қийматдаги тангаларни олиш юзасидан хизмат кўрсатувчи банк филиалларига мурожаат қилишлари лозим.
Ўз навбатида, аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китобларни амалга оширувчи хўжалик субъектлари тижорат банклари орқали:
– банкдаги депозит ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида майда қийматдаги тангалар билан таъминлаб берилади;
– банкнот кўринишидаги нақд пул маблағларини майда қийматдаги тангаларга алмаштириб олишлари мумкин бўлади.
Тадбиркорлик субъектлари мурожаатларига асосан банклардан 50, 100, 200, 500 сўм қийматдаги тангаларни олишда муаммолар юзага келганда, Марказий банкнинг (71) 200-00-44 рақамли «ишонч телефони»га мурожаат қилишлари мумкин.