Тошкентда ўтказилган “Уйдаги осойишталикдан дунёдаги тинчлик сари” номли тадбир доирасида Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбари Исломиддин Холиқов республикада содир этилаётган жиноятларнинг ўта оғир турлари – қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларининг 40 фоизга яқини оилада содир этилганини маълум қилди.
2018 йилда қайд этилган 369 та жиноятнинг 144 таси оила доирасида юз берган.
“Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги 15 ноябрдан 15 декабрга қадар “Турмуш ойлиги” эълон қилинди. Мана шу бир ой давомида вазирлик оилада содир этилаётган жиноятларни таҳлил қилиб бормоқда. Тадбирнинг дастлабки ўн кунлигида 10 та қотиллик юз берган бўлса, шунинг 4 таси ва 25 та оғир жароҳат етказиш ҳолатининг 5 таси оилада кузатилган”, – деди Исломиддин Холиқов.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбарининг билдиришича, ИИВда алоҳида фармойиш билан ишчи гуруҳ тузилган. Алоқа вазирлиги билан ҳамкорликда зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ягона карточкасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
“Биз кўп ҳолларда зўравонлик ҳақида гапирганимизда бир-иккита фактлар билан чекланиб қоламиз. Негаки, республикада зўравонликдан жабр кўрганлар ҳақида аниқ статистика яратилмаган”, – деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.
Тадбирда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида “Маиший зўравонлик профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва у Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилгани маълум қилинди.
Ҳар йили дунё бўйлаб “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номли компания ўтказилади. У 25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш куни бошланиб, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни якунланади.