“Тараққиёт стратегияси” марказида “Қамчиқ довонида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикасини ташкил этиш, сел-тошқин ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ вазиятлардан аҳолини муҳофаза қилиш борасида қилинаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълумки, Қамчиқ довони Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган, улар ўртасида транспорт ҳамда йўловчилар қатновини таъминлайдиган асосий йўлдир. Мазкур автомобиль йўлидан кунига қарийб 10-15 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси ҳаракатланади.
Сўнгги йилларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан довон орқали автотранспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида ҳаракатни назорат қилиш ва унинг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бироқ автомобиль йўлининг турли қисмларида қор кўчиш, сел келиши, кўчки ва тош тушиш хавфи бўлиб туради.
– Айниқса, қиш ойларида довонда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши анча қийинлашади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Қамчиқ” махсус қидирув-қутқарув бошқармаси бошлиғи, полковник Ҳасан Боғбонов. – Шу каби салбий ҳолатлар бўйича ҳамкор ташкилотлар билан бирга олдиндан тегишли ахборотлар тайёрланиб, аҳолини вақтида огоҳлантириш чоралари кўрилади. Бугунги кунда довоннинг автомобиль йўлида 40 дан ортиқ хавфли объект мавжуд. Мавсумий табиий офатларни инобатга олган ҳолда довонда жорий йил 70 дан ортиқ муҳандислик-ҳимоя қурилмалари, махсус галереялар, қор ушлаб турувчи шит, дамбалар ва тўхтатувчи қозиқлар ўрнатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази қошида “Қамчиқ” ягона навбатчи-диспетчерлик хизмати ташкил этилган. Унинг вазифаси аҳоли ва тезкор хизматлар, ҳамкор вазирлик ва идораларга фавқулодда вазиятлар тўғрисида маълумот беришдан иборат.