2018 йил 26 ноябрдан 29 декабргача Ўзбекистонда патронаж ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг “Патронаж ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан ташкил этилди.
Буйруғга кўра, патронаж хизматида уч босқичли янги тизим жорий этилади.
Патронаж ишларининг биринчи босқичида ҳар олти ойда аҳоли янгидан рўйхатдан ўтказилади ва патронаж хизматига эҳтиёжи борлар аниқланади.
Иккинчи босқичда патронаж ҳамшираси, умумий амалиёт шифокори ва тор мутахассислар иштирокида хонадонларда мақсадли патронаж тадбирлари ташкил этилади. Унда патронаж парваришга муҳтож ёлғиз қариялар, ногиронлар ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, 1 ёшгача ва ногирон болалар, ҳомиладорлар, янги туққан оналарга патронаж хизмати кўрсатилади. Мақсадли патронаж ҳар ҳафта белгиланган режа асосида ташкил этилади.
Учинчи босқич патронаж тадбирларини ташкил этишда бирламчи тиббий-санитария тизими ходимларига вилоят ва республика миқёсидаги даволаш муассасалари ва ихтисослашган илмий-амалий марказлар олимлари яқиндан кўмак беради.
Патронаж тадбирлари доирасида сурункали касалликка чалинган, ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморлар қамраб олинади. Беморларни касаллигига қараб амбулатор ёки стационар шароитда туман, вилоят ҳамда республика муассасаларида даволаш чоралари кўрилади.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий тиббиёт муассасаларида янги тартибдаги патронаж ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва тизимли мониторинг қилиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи шакллантирилган.