Унда Республика Комиссияси ва 1-минтақавий Ишчи гуруҳи аъзолари, сенатор ва депутатлар ҳамда масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Республика Комиссияси 1-минтақавий Ишчи гуруҳ томонидан Республика Комиссияси ҳамда Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2017 йил 12 декабрь кунги Қўшма қарори ижроси, вилоятда жорий йилнинг ўн ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида вилоятда ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан Республика Комиссияси ҳамда Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 2017 йил 12 декабрь кунги Қўшма қарори вилоят ҳокимлиги томонидан давлат ва нодавлат ташкилотлари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ва ҳокимликларига ҳамда қуйи турувчи ташкилот ва идораларга юборилиб, ижрога қаратилган. Профилактик ишлар доирасида вилоятнинг жиноят кўп содир этилган маҳаллалари танланиб, ушбу фуқаролар йиғинларини бу йўналишдаги намунавий маҳаллага айлантиришга қаратилган “йўл харита”лари ишлаб чиқилди ва ижро этилмоқда.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалиётга татбиқ этилган “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат” тизими доирасида ваколатли давлат идоралари, маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси ва ёшлар ташкилотлари томонидан жиноятнинг туб сабаблари ва уни келтириб чиқарган барча шарт-шароитлар ўрганилиб, жиноят қайта содир этилмаслиги учун зарур чора-тадбирлар, айбдорларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги доирасида қатъий чоралар кўрилаётганини таъкидладилар.
Ўтган даврда олиб борилган ишлар натижасида вилоятдаги 1031 та маҳалланинг 201 тасида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Қолаверса, вояга етмаганлар, ишламайдиганлар, илгари судланганлар, аёллар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатлари бирмунча камайган.
Бироқ ютуқлар қаторида вилоятда айрим йўналишларда камчиликлар ҳам борлиги аниқланган. Хусусан, таҳлил этилаётган йўналишда секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаганлиги натижасида вилоятда қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, одам ўлими билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси каби оғир жиноятлар сони Фарғона, Қўқон, Қувасой, Марғилон шаҳарлари, Олтиариқ, Қува, Бувайда, Боғдод, Бешариқ, Қўштепа, Тошлоқ, Сўх, Риштон Фарғона, Фурқат туманларида ошган. Бундай нохуш статистик манзаранинг сабаблари таҳлил этилар экан, аксарият ҳолларда жиноятлар содир этилишига оилавий муносабатларнинг кескинлашуви, фуқаролар иқтисодий ҳолатининг ёмонлашуви, қолаверса, маҳалла ва жамоатчиликнинг нотинч оилаларга нисбатан лоқайдлиги сабаб бўлаётганлиги қайд этилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда барпо этилаётган фуқаролик жамиятининг асосий тамойилларидан бирига кўра, фуқаролар нафақат ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билиши ва уларга амал қилиши, балки ён-атрофда содир бўлаётган барча воқеаларга нисбатан хушёр бўлиши, ўзаро ҳамжиҳатликда иш кўриши, зарур ҳолатларда ёрдам кўрсатиши лозим. Шу маънода йиғилишда мутасадди идоралар томонидан фуқаролар орасида тушунтириш ишларини кучайтириш, одамлардаги масъулият хиссини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек йиғилишда таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқи, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва бошқа мутасадди идоралар фаолияти ҳам кутилган натижаларни бермаганлиги қайд этилди. Жумладан, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар умумий жиноятларнинг қарийб учдан бирини (38,3%) ташкил этган.
Кўнгилочар масканларида тунги вақтларда вояга етмаганларнинг бўлганлиги аниқланиб, уларнинг катта қисми мактаб ўқувчилари эканликлари қайд этилди. Шу ўринда “бир болага етти маҳалла ота-она” деган эзгу нақл ўтмишда қолиб кетаётганлиги, юртдошларимиз қўни-қўшни ва яқинлари тугул, ўз фарзандлари тарбиясига етарлича эътибор қаратмаётганликлари таъкидланиб, вазиятни ўзгартириш учун аввало таълим муассасаларининг ота-оналар билан ишлашини кучайтириш, керак бўлса, ўз болалари тарбиясига етарлича аҳамият бермаётганларга нисбатан зарур таъсир чораларини кўриш лозимлиги уқтирилди.
Тадбир якунида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика Комиссияси ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.