Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги анжумани “Болалар ва ёшларнинг маьнавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли“ мавзусига бағишланди. Анжуманда “Оила “ илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва халқаро экспертлар иштирок этдилар.
Журналистлар анжуман давомида Ўзбекистонда оила қуриш ёшини катталаштириш таклифини бердилар. Ҳамда сўнгги вақтларда ажрашишларнинг кўплигининг бирламчи сабаби моддий қийинчиликлар эмасми, деган саволни ўртага ташладилар.
Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматованинг айтишича, Ўзбекистонда аҳолининг 98% оилаларда истиқомат қилади ва юртимизда 7 миллиондан ортиқ оилалар мавжуд. Оилаларнинг бузилишининг бирламчи сабаби эса моддий қийинчиликлар эмас. Оиладаги тарбия, икки ёшнинг ахлоқи кўпроқ никоҳнинг мустаҳкамлигига таъсир этади.
Никоҳ ёшини катталаштириш бўйича эса хотин-қизлар қўмитаси ўз тавсияларини берган. Қўмита раиси ўринбосарининг айтишича, никоҳ қуриш учун рухсат этилган энг кичик ёш йигит ва қизлар учун бирдек, 18 этиб белгиланиши таклиф этилган. Бироқ, эрта турмушнинг салбий оқибатлари тарғиб этилишига қарамай, баъзи вилоятларда қизлар 16 ёшдан турмушга берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 этиб белгиланган.