“Ўзавтотранс” агентлигининг Андижон минтақавий бошқармаси 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида юк ва йўловчи ташиш билан ноқонуний шуғулланувчиларни фош этиш мақсадида 1161 та рейд ўтказган. Натижада 1235 нафар ҳайдовчига маъмурий жазо қўлланган. Бу ҳақда агентликнинг минтақавий бошқармаси маълум қилди.
Вилоят солиқ ва ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган рейдларда 3895 та баённома расмийлаштирилган. 3530 та ҳужжат вилоят маъмурий судига юборилган. Суд 1235 ҳайдовчига нисбатан 1 млрд 682 млн 658 минг сўм жарима қўллаш бўйича қарор чиқарган.
84 нафар ҳайдовчининг иши бўйича сайёр суд мажлиси ўтказилган.
Хусусан, сайёр судда иши кўрилган, Андижон шаҳрида яшовчи Қодирбек Ғофуров шахсий автомобилида Янги бозордан Жаҳон бозорига йўловчи ташиш билан лицензиясиз шуғулланган. У бир ой ичида лицензияни расмийлаштириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилган ва маъмурий жазодан озод этилган.
Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Шуҳрат Усмонов эса маъмурий жазога тортилган. У “Нексия” русумли автомобилида доимий равишда йўловчи ташиш билан шуғулланган ва бунинг учун солиқ тўламай юрган. Суд ҳукмига асосан у бир ой ичида 2 млн 25 минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.