Филология фанлари доктори, “Эколог” жамоат бирлашмаси раҳбари Наргис Қосимованинг фикрича, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари экологик қочқинлар муаммоларини мутлақо ёритмайди. Биз буни тузатишга ҳаракат қиламиз. Бугун машҳур экожурналист саволларимизга жавоб беради.
Наргис Косимова: иқлим миграцияси, сувни тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақида
— “Экологик қочқин” ва “иқлим мигранти” атамаларининг фарқи нимада?
— Назаримда, бизнинг журналист ва блогерларимиз ҳали бу тушунчаларни фарқлашмайди. Лекин уларни ажратиш керак. Чунки экологик қочқинлар ҳар хил, яъни турли муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу муаммолар ҳам табиий, ҳам техноген хусусиятга эга бўлиши мумкин, масалан, 2020 йил 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши кўплаб аҳолини ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур қилди. Бу техноген офат эди, лекин унинг оқибатлари экологик муаммолар нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилади.
Иқлим мигранти — бу биринчи навбатда иқлим ўзгаришининг салбий таъсиридан азият чекадиган одам. Хорижий ОАВлари асосан Оролбўйи аҳолиси ҳақида ёзади ва гапиради. Бироқ эндиликда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларини ҳам, айниқса, сув билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлган Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари аҳолисини ҳам бундай тоифага киритиш мумкин.
Миграция оқимларининг асосий йўналиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидир. Маблағи кўпроқ бўлганлар пойтахтнинг ўзига кўчиб ўтади ва улар фақат қурғоқчил ҳудудлардан келмайди. Масалан, ўзим жиззахликман. Вилоятнинг тоғ олди ҳудудларида ҳар йили сел оқимлари содир бўлиб, қишлоқ аҳолисига зарар етказади. Оқибатда уларнинг аксарияти хавфсиз жойларга, асосан, Тошкент ва пойтахт вилоятига кўчиб ўтмоқда.
— Навбатдаги репортажимиз қаҳрамони тупроғи ўта шўрланган қишлоғида яшаб қолди. Болалари эса шаҳарга кетишни афзал кўришди. Аслида уларни экоқочқинлар деб ҳисоблаш мумкинми?
— Ҳа, албатта, Қорақалпоғистондан, дейлик, Тошкент вилоятига кўчиб келган оилаларни экоқочқин деса бўлади. Бунда экологик муаммолар шароитида иқтисодий омиллар таъсир кўрсатади. Яъни сув етишмаслиги, ҳосил пасайиши ва даромад тушишига олиб келувчи тупроқ шўрланиши.
Маълумки, Қорақалпоғистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш истагида бўлганларга субсидиялар тўланади, аммо барибир кўплаб ёшлар яхши ҳаёт излаб шаҳарларга: Мўйноқдан Нукусга, Нукусдан – Тошкентга интилишади.
Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига таъсир қилади, биринчи навбатда, ҳосил пасаяди. Андижон ва Наманган вилоятларидан пойтахт вилоятининг Пскент ва Паркент туманларига, Ангрен шаҳри яқинига кўплаб фермерлар кўчиб келгани бунинг исботидир. Ўз вақтида Оролбўйининг кўплаб аҳолиси қўшни Қозоғистонга кўчиб кетган.
Аммо Ўзбекистонда экологик қочқин мақоми мавжуд эмас. Бу муаммо ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари билан гаплашдим. Унинг сўзларига кўра, уларнинг бўлими ички миграция ҳисобини юритади, лекин кўчган одамларни, масалан, экологик қочқин ёки иқлимий мигрантлар деб таснифламайди. Ва ҳозиргача, афсуски, депутатлар, журналистлар, блоггерлар томонидан бу масала кўтарилгани йўқ.
Аммо бунинг вақти аллақачон келган. Атроф-муҳит ёмонлашуви туфайли одамлар уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. Бу нафақат иқлим ўзгариши, балки, атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ. Экоқочқин мақоми ўз уйини тарк этишга ва қийинчилик билан ҳаётини янгидан бошлашга мажбур бўлган мигрант оилага катта ёрдам бериши мумкин.
— Нима қилса бўлади?
— Абадий савол… Экологик қочқин мақомини жорий қилиш учун қонунчиликни ўзгартириш, умумий концепция ишлаб чиқиш, атамаларни аниқ белгилаш талаб этилади. Ушбу мақом нимани англатишини ва уни олиш учун қандай шартларни бажариш кераклигини аниқ белгилаш керак. Бу борада халқаро тажрибага мурожаат этиш, у ерда аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича қандай дастурлар борлигини ўрганиш керак.
Амалдаги қонунларга (жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисида) тегишли ўзгартиришлар киритиш ва янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарур. Бу борадаги ишлар муаммони ҳар томонлама биладиган экологлар, ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорликда амалга оширилиши муҳим.
Кейинги қадам экологик қочқинларни қўллаб-қувватлаш механизмини ишлаб чиқиш, жумладан, уй-жой билан таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо. Ҳа, бу жуда кўп маблағ талаб қилади. Ўйлайманки, шунинг учун ҳам депутатларимиз бу масалани кейинга суряпти ёки кўтармаяпти. Ваҳоланки, қўшни Қозоғистон, АҚШ ва Россия бу йўналишда ҳаракат бошлаган.
— Жаҳон банки прогнозига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги экологик қочқинлар сони 2 миллион кишидан ошиши мумкин…
— Бу жуда хавотирли ва муаммони ҳал қилиш муҳимлигини, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишни яхшилаш зарурати ҳақида таъкидлайди.
Марказий Осиё аллақачон жиддий экологик ва иқлим муаммоларига дуч келмоқда. Булар сув танқислиги ва унинг сифатининг ёмонлашиши, ҳаво ҳароратининг ошиши, атроф-муҳит ифлосланиши, ер шўрланиши, сув тошқини ва сел хавфининг ошиши. Бундай ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг тушиши ва турмуш шароитининг ёмонлашувига олиб келиши табиий. Бу эса ўз навбатида аҳолининг кейинги миграциясига туртки бўлади.
Минтақани озиқлантирадиган дарёлар боши жойлашган Қирғизистон ва Тожикистонга қараганда, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Афғонистон сув танқислигидан кўпроқ азият чекмоқда. Шунинг учун сув ресурсларини тақсимлашни оптималлаштириш ва мамлакатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир муҳим омил — сув манбаларини тиклаш ва уларнинг экотизимларини сақлаш. Мен ҳатто Орол денгизи ҳақида гапирмаяпман. Ачинарлиси, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сатҳи пасайиб бормоқда ва унинг экотизимлари ҳам нобуд бўлиши мумкин.
— Иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатиш концепцияси нимани ўз ичига олиши мумкин ёки керак?
– Бу ҳаво, сув сифатини яхшилаш, сув ресурсларини малакали бошқариш, сел, тошқин ва қурғоқчиликдан эрта огоҳлантириш тизимини яратишдир. Барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга: суғориш тизимларини такомиллаштириш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, экинларнинг қурғоқчиликка чидамли навларини экиш. Ва, албатта, фермерларни қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш. Бундай тренинглар БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ўтказилади. Ўтган йили ўзим ҳам Фарғона водийсида фермер аёллар учун тренинглар ўтказдим.
Яъни, миллий ва минтақавий мослашиш стратегияларини, жумладан, энг кўп жабрланган жамоалар заифлигини камайтириш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшата оладиган инфратузилмани қуриш ва модернизация қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур.
– Иқлим ўзгариши ва экологик муаммолардан энг кўп қишлоқ аҳолиси жабр кўрмоқда. Шаҳарликлар-чи?
— Биринчидан, бугун биз гапираётган миграция урбанизацияни тезлаштиради: шаҳар аҳолиси ўсиб бормоқда. Шу сабабли, шаҳар режаларини ишлаб чиқишда иқлим хатарларини ҳисобга олиш ва шаҳарларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш керак. Иккинчидан, ички миграцияни қўллаб-қувватлаш – арзон уй-жойлар, шаҳар ёки кичикроқ аҳоли пунктларида кўчиб келганларни иш билан таъминлаш, уларга зарур ижтимоий хизматлар кўрсатиш зарур. Лекин, такрор айтаман, энг муҳими — бу таълим, иқлим ўзгариши муаммолари ва унинг оқибатлари ҳақида хабардорликни ошириш, аҳолининг экологик онги билан ишлаш.
Муаммони ҳал қилиш нафақат миллий саъй-ҳаракатларни, балки халқаро ҳамжамият ёрдами ва экологик лойиҳаларни молиялаштиришни талаб қилади. Ҳукумат Марказий Осиёнинг қўшни давлатлари билангина эмас, балки Россия, АҚШ, Европа давлатлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилиши керак. “Глобал иқлим ўзгариши” атамасининг ўзи кучни бирлаштириш зарурлигини, бу бир давлатнинг муаммоси эмас, балки бутун инсоният учун умумий муаммо эканлигини англатади. Ҳозирданоқ, юқорида айтганимдек, бундай муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг тегишли ҳуқуқий механизмларини яратиш, жабрланган ҳудудларни қўллаб-қувватлаш бўйича ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ҳақида ўйлаш керак.
Илмий тадқиқотлар ҳақида ҳам унутмаслигимиз керак, чунки муайян тадқиқотларсиз вазиятни баҳолаш ва таҳлилларсиз янги технологияларни ишлаб чиқиш мумкин эмас. Бу чора-тадбирларнинг барчаси ҳукуматлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотларнинг фаол ҳамкорлигини тақозо этади, деб ўйлайман. Тўғри режалаштириш, комплекс ёндашув келажакда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва зарар кўрган ҳудудларда турмуш шароитини яхшилаш, иқлимий мигрантлар сонини камайтиришга ёрдам беради.
Наргис Қосимованинг сўзларига кўра, ҳозирча у маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги экологик қочқинлар ва иқлимий муҳожирларни кўтарадиган бирор мақолани кўрмаган. Демак, бизнинг лойиҳамиз биринчи бўлади. «Экоқочқинлар плейлисти»нинг барча сонларини кўриб боринг.