Аҳоли (истеъмолчилар)дан келиб тушаётган мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқилиши натижалари юзасидан брифинг ўтказилди

Фарғона шаҳридаги «ННТлар уйи»да Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан вилоят ҳокими ва АОКА директори томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида «Ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига аҳоли (истеъмолчилар)дан келиб тушаётган мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқилиши натижалари» мавзусида брифинг ўтказилди.

Унда таъкидландики, ҳудудий бирлашма ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) жамиятлари томонидан 2025-йил январ-май ойлари давомида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва тегишли органларга тақдим этиш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари тизимли асосда давом эттирилди.

Январ-май ойлари давомида тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг жами сони 351 тани ташкил қилиб, шуларнинг 337 таси ёки 96 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 720 млн 882 минг 037 сўм маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

Шундан, давлат бошқаруви органлари ва Федерациянинг марказий аппарати орқали келиб тушган мурожаатлар сони 93 тани ташкил этди. Уларнинг катта қисми — 36 таси савдо соҳасига, қолганлари эса газ, электр, сув таъминоти, коммунал хизматлар, сервис, транспорт, алоқа ва бошқа йўналишларга тааллуқлидир. Ушбу мурожаатларнинг 95 фоиздан ортиғи, яъни 79 таси ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 82 миллион 970 минг сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди. 4 та мурожаат бўйича эса ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига тўғридан-тўғри келиб тушган мурожаатлар сони 258 тани ташкил этди. Уларнинг 163 таси ёзма, 95 таси оғзаки шаклда бўлган.

Бу мурожаатлар орасида савдо, газ ва электр таъминоти, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа соҳалар билан боғлиқ масалалар мавжуд. Ушбу мурожаатларнинг 248 таси ҳал этилиб, жами 590 миллион сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган. Бундан ташқари, 4 та мурожаат суд орқали ҳал этилиб, натижада 47 миллион 891 минг сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчиларга ундириб берилди. 10 та мурожаат бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

“Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу маслаҳатхоналар орқали 213 нафар фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Уларнинг асосий қисми савдо, газ, электр, сув ва коммунал хизматларга тегишли бўлиб, 204 нафар фуқарога бевосита қонуний тушунтиришлар берилди, 9 та ҳолатда эса тегишли назорат органларига йўналтирилди.

Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий билим ва истеъмол маданиятини оширишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда.