«Бошқаларга ўхшамаганлар» билан бир партада

Адиса Абдуллаева 10 ёшда. У бармоқлари ривожланишида нуксон билан туғилди. Ҳаётининг биринчи ойларидаёқ қизалоққа шошилинч жарроҳлик муолажа талаб қилинди, бир нечта операция ўтказилди — бирлашган бармоқлар ажратилди. Аввалига қўлида қалам тутиш қийин кечди. Ҳозирда эса Адиса дафтарга қунт билан ҳуснихат ёзмоқда, энди у ёзаётган ҳарфлар, айниқса бош ҳарфлар бинойидек чиқмоқда.

— Қаранг, «А» қандай чиройли чиқди! – хурсанд бўлади қиз.

— Яхши, янада ҳаракат қил! – қўллайди онаси.

Ота-она қизининг муваффақиятидан хурсанд. Аммо бунинг ортида қанчалар изтироб ва ташвиш ётгани фақат уларга аён.

– Қўлида чандиқлар бор, бармоқлар қисқа бўлиб қолган. Лекин муҳими, энди қизим қалам тутишни билади, чизиш ва ёзишни ўрганмоқда. Ушбу кўникмаларсиз у қийин даврни бошидан кечирди. Ахир, бир неча йил олдин, унинг ёзиш ёки чизиши мумкинлигини ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмасди.

Адиса етти ёшга тўлганда кўплаб болалар сингари мактабга боришни орзу қилса-да, ота-онаси тенгдошлари томонидан масхара бўлишидан қўрқиб, уни уйда ўқитишга қарор қилишди. Унинг олдига тоғли Ургут вилоятидаги 7-мактабдан ҳар куни ўқитувчилар келади. Қиз ҳеч қачон дарс қолдирмайди ва ўқитувчи кўрсатмаларини астойдил бажаради.

Онасининг (аноним қолишни афзал кўрди) сўзларига кўра, қиз мактабга боришни ва тенгдошлари билан мулоқот қилишни жуда хоҳлайди. Аммо, она қизидан хавотирда ва албатта биринчи навбатда уни ҳимоясини ўйлайди.

Ўзига хос болаларнинг бундай ҳикоялари кам эмас. Ногирон болалар! Улар ҳам жамиятда боғча ва мактабларга бориш ҳуқуқига эга бўлишига қарамай, муносабатлар ҳали-ҳамон ўша-ўша. Ота-оналар фарзандини мактабга юборишда атрофдагилар томонидан изза ва камситишларга, камчиликларга дуч бўлишидан қўрқишади. Бундан ташқари, ана шундай ҳавотирда бўлган айрим ота-оналар ҳатто «нуқсонли болани дунёга келтиргани» учун айбдорлик ҳиссини туйишади. Қайғу ва аламга ботиб, барча синовларни  фақатгина ўз гарданига олишади.

— Албатта, ҳар бир она ўз фарзандини ҳимоя қилишга ва уни муаммолардан ҳоли қилишга ҳаракат қилади», — дейди Адисанинг онаси. — Оиламизда қизимизнинг мактабга бориши ҳақида савол туғилганда, мен қарши эдим. Назаримда, тенгдошлари боламни масхара қилиб, унинг ногиронлигини рўкач қиладигандек эди. Йиллар ўтиб, фарзандимни чеклаб, уни тенгдошлари билан мулоқот қилишдан маҳрум қилишимни, ривожланишига ва тўгараклар, мусобақалар ҳамда мактабнинг ижтимоий ҳаётида қатнашишига тўсқинлик қилаётганимни англадим. Бола жамиятда ижтимоийлашиши кераклигини тушундим. Ўйлайманки, янги ўқув йилида қизимнинг орзуси ушалади ва у илк бор партага ўтиради.

Вилоятда Адиса сингари 1956 нафар бола уйида таълим-тарбия олмоқда. Улар учун махсус дастур яратилган ва индивидуал дарс жадвали ишлаб чиқилган. Аммо ногирон болани уйда таълимга ўтказишдан олдин психологик, тиббий, педагогик комиссия хулосаси ва ота-она аризаси талаб этилади.

Ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланмаяпти, бунга ким айбдор?

Самарқандда инклюзив таълим ҳақида 2014 йилда айтила бошланди. Тажриба тариқасида шаҳардаги 35, 13, 7, 45 ва 15-сонли бешта мактаб танлаб олиниб, уларда инклюзив синфлар очилди. Бу инклюзив таълим йўлидаги биринчи қадам эди.

Инклюзив таълимни жорий этиш лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилган. Самарқанд шаҳридаги 13-мактабда илк инклюзив синф очилди. Лойиҳа доирасида бир неча мактаб ўқитувчилари махсус тренингдан ўтди. Лойиҳа тугади, лекин болалар кетишмади, аксинча, янгилари кела бошлади. Ҳозир мактабда 30 нафар бола бор, лекин ўқитувчилар қонунда белгиланган устамани ҳеч қачон олмаган.

2020 йилда Ўзбекистонда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинган эди. Бироз вақт ўтиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги “Болаларни инклюзив таъминлаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 638-сон қарори билан инклюзив таълимга алоҳида эътибор қаратилаётган мактаблар очилиши бошланди. Ўша пайтдан бошлаб ўқитувчилар маошларига қўшимча ҳақ олишлари керак эди, лекин аслида уларга бугунги кунгача маош берилмаган.

Ҳужжатда синфдаги алоҳида таълимга муҳтож бир болага – ўқитувчи маошининг 10 фоизи, 2 нафар болага – 20 фоизи, 3 нафар болага – 30 фоизи миқдорида тўловлар назарда тутилган. Яъни, ўқитувчи ўртача 5 миллион маош олса, уч нафар имконияти чекланган ўқувчиси бўлса 2 миллион сўмдан ортиқ устама олиш ҳуқуқига эга.

Биз 13-мактаб директори Раъно Бабаяровага мурожаат қилдик, у ҳеч қачон тўлов бўлмаганини тасдиқлади, лекин камерага интервью бермади.

Вилоят мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ғозиев ушбу муаммога тўхталар экан, инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига алоҳида меҳнат шароитлари учун ойлик устама тўлаш лозимлиги, аммо Самарқанд шаҳридаги 13-мактабда ўқитувчиларнинг иш ҳақига қўшимча олмаганидан бехабарлигини таъкидлади. Биз билан суҳбатда раҳбар муаммони ўрганиб чиқиб, ўқитувчиларга ўша йиллар давомида тўланмаган устамани тўлашга ваъда берди.

Ҳозир вилоятда 22 та мактаб инклюзив синфларга эга бўлиб, улардан учтаси шаҳарда жойлашган. Инклюзивликка киритилган болаларнинг умумий сони 40 кишини ташкил этади. Албатта, бу минтақа учун жуда кам кўрсаткич бўлиб, инклюзив таълимда бўшлиқ мавжудлигини ва эҳтимол, ўқитувчиларга маош тўламаслик учун мактабларда ўқиётган кўплаб бундай болалар шунчаки ҳисобга олинмаётганидан далолат беради. Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги ушбу муаммони назоратга олса ва ҳар бир ўқитувчи ўзига тегишли устама пулини олишига ҳаракат қилса адолат қарор топган бўлар эди.

«Статус» шароит мавжудлигига кафолат бермайди

Инклюзив синфларнинг ҳолати ва очилиши ҳақида гапирганда, биз соғлиғи муаммоли болалар ҳамма билан тенг равишда тўлиқ таълим олишлари мумкин бўлган мактабларни тасаввур қиламиз. Яъни, ногирон ва носоғлом болалар учун алоҳида шароитлар яратилади: ўқув хоналарини қайта мослаштириш, махсус санитария хонаси, ўзига хос ўқитиш усуллари ва бошқа шароитлар. Лекин аслида, бу ерда ҳам камчиликлар бор.

Масалан, Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида 2021-2022-йилларда қурилган ва инклюзив мақомга эга бўлган 81-мактабда ногиронлар аравачасида ҳаракатланиш учун алоҳида шарт-шароит йўқ. Хусусан, махсус санитария хоналари мавжуд эмас, тор эшиклар аравачадаги боланинг бемалол ҳаракатланиши учун тўсиқ бўлади. Аммо бошқа мактаблардан фарқли ўлароқ, тўғридан-тўғри таълим муассасасига кираверишда пандуслар ўрнатилгани.

Мактаб директори Алоуддиннинг айтишича, бу ерда 7 нафар имконияти чекланган бола таҳсил олмоқда, яна 14 нафари уйда таълим-тарбия олмоқда. Бу мактабда ўқитувчиларнинг ойлик маоши талаб даражасида оширилаётгани ҳам қувонтиради.

Нима бўлганда ҳам бундай таълимни инклюзив деб аташ қийин, бу ногиронлар ва алоҳида таълимга муҳтожлар оддий таълим муассасаларида ўқишга ва ўзгаришсиз қолган таълим тизимига мослашишга мажбур қиладиган интеграциядир.

– Албатта, бизда ногирон болаларни қабул қилганимизда боланинг жамиятга қандай мослашиши, синфдошлари уни қандай қабул қилиши, оддий синфда қандай ўқишидан ҳавотирда эдик. Ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам безовта эди, — дея тан олади мактаб директори Аловиддин Очилов. — Аммо бу ҳавотирлар ортда қолди ва ўқувчилар ижтимоийлашуви муваффақиятли ўтди. Мисол учун, бизда кохлеар имплантация операцияси (бу эшитишни жарроҳлик йўли билан тиклаш)дан сўнг эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган ўқувчи бор, бола синфдошлари билан гаплаша бошлади. Ваҳолаки, ўқув йили бошида тенгдошлари билан мулоқотдан қочар эди. Ҳозир у турли материаллардан буюмлар ясашни ўзлаштирадиган ва турли танловларда қатнашадиган фаол ўқувчилардан бири. Инклюзив таълим ҳақида гапирганда, ҳар бир бола ўзи яшаётган ҳудудда сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидламоқчиман. У ихтисослаштирилган таълим муассасаларига бориши ёки инклюзия мақомига эга мактабни излаши шарт эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида ҳар бир бола ўз яшаш жойидаги мактабда ўқиши, бунинг учун унга тенг шароит яратилиши кераклиги таъкидланган.

Махсус мактаб-интернатлар — уйдан узоқда

Вилоятда алоҳида эҳтиёжманд болалар орасида ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга борадиганлар ҳам бор. Мазкур таълим муассасаларида 2 минг 192 нафардан ортиқ мактаб ёшидаги алоҳида шароитга муҳтож – асосан, кўзи ожиз, заиф кўрувчи ва ақли заиф болалар таҳсил олади. Улар учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун тегишли шарт-шароитларга эга турли турдаги ихтисослаштирилган касб-ҳунар таълим муассасалари ташкил этилган. Мактаб-интернатларда таълим давлат таълим стандартларига мувофиқ махсус таълим дастурлари асосида амалга оширилади.

Турли шаклдаги ногиронлиги бўлган болаларни соғлом болалардан ажратиш тамойилига асосланган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўтган даврдан қолган меросдир.

Шубҳасиз, бу турдаги таълимда ҳам сезиларли камчиликлар бор. Асосийларидан бири, бундай мактаб-интернатлар сони чекланган ва чекка ҳудудларда яшовчи болалар интернат ётоқхоналарида оиласидан узоқда қолишга мажбур. Ўқув жараёни қанчалик сифатли бўлмасин, уйдан узоқда яшаш боланинг ривожланиши, руҳий ҳолати ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Умумтаълим мактабларида ногиронлиги бўлган болалар учун шароит яратилиши ҳозирда махсус мактабларга ажратилаётган маблағлар ҳисобидан бюджетни тежаш ва инклюзив таълимни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин. Масалан, кўришда нуқсони бўлган болалар умумий таълим мактабларида брайл ёзуви асосидаги дарсликлар ва махсус жиҳозлар билан таъминланса, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга эҳтиёж қолмайди.

Дарҳақиқат, инклюзив таълимни яратиш борасидаги натижалар ва муваффақиятлар ҳақида ҳозирча гапириб бўлмайди. Бунда таълим тизимини айблаш осон, аммо бу болаларни жамиятга ижтимоийлаштириш муаммосини ҳал қилишда ёрдам бермайди. Биринчи навбатда саъй-ҳаракат одамларнинг ўзидан. Афсуски, жамиятда ногиронларга нисбатан эътиборизлик, бефарқлик мавжуд бўлиб, бу тизим ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, жамият қанчалик бағрикенг бўлса, дастурларни амалга ошириш шунчалик осон бўлади. Энг муҳими, хусусиятларидан қатъи назар, болаларга умумий тилни топиш осонроқ бўлади.

Замира БАЛТАЕВА.