Биз ушбу мақолада туризм соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни Фарғона вилояти мисолида ёритиб, ушбу жараёнда соҳанинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик талабларига қай даражада жавоб бера олаётгани борасида мутахассислар, экспертлар, ҳамюртларимиз ва юртимизга турли мақсадларда хориж мамлакатларидан ташриф буюрган меҳмонлар билан суҳбатлашдик. Олдиндан шуни айтиш мумкинки, аксарият суҳбатдошларимиз ҳудудда бу борада шаклланган умумий муҳит ҳақида ижобий фикрларини билдириб ўтдилар.
Фарғона вилоят туризм бошқармасининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг жорий ҳолатига вилоятдаги жойлаштириш воситалари бўлган меҳмонхоналар сони 49 тага, оилавий меҳмон уйлари сони 284 тага, хостеллар сони 35 тага етиб, барча йўналишлар бўйича уларнинг сонида ўтган йилга нисбатан ўсиш кузатилган. Туризм хизматлари экспорти бўйича кўрсаткичлар 2022 йилдаги 42 млн АҚШ долларидан жорий йилда 130 млн АҚШ долларидан ортиқроқ суммада бўлиши прогноз қилинмоқда.
2023 йил натижалари бўйича туристлари вилоят ҳудудига ташриф буюраётган топ давлатлар қаторида МДҲ давлатлари: Қозоғистон (67,4 минг нафар), Россия (66,4 минг нафар), Тожикистон (66,2 минг нафар) етакчилик қилган бўлсада, Яқин шарқ (219,6 %), Америка ва бошқа минтақалар (172,9 %), Осиё (162,8%) ва Европадан (158,1 %) келувчи туристлар сони 2022 йилга нисбатан олинганда кескин ўсган. Агар вилоятга 2023 йил давомида 2 млн 701 минг нафар ички сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврини ўзида уларнинг сони 2 млн 600 минг нафардан ошиб кетган.
Бу эса, ўз навбатида, вилоятда соҳага дахлдор идора ва ташкилотлар томонидан туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ижобий самара бераётганлигидан дарак беради, албатта. Шундай бўлсада, қуйида мавзу бўйича ҳамюртларимиз ва меҳмонларнинг фикрларига қулоқ тутдик.
Музейлар ҳудуднинг ўзига хос “ташриф қоғози” дейиш мумкин. Сабаби ҳудудга ташриф буюрган меҳмон бир вақтнинг ўзида ўша жойнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси намуналари билан танишиш, умумий тасаввурлар олиш имкониятга эга. Шу нуқтаи назардан, Фарғона вилоят ўлкашунослик музейини вилоятнинг “ташриф қоғози” десак мубола бўлмайди.
Маълумотларга кўра, мазкур музей республикамиздаги энг кекса музейлардан бири бўлиб, 1894 йилда ташкил этилган ва ҳозирги биносида 1985 йилдан бери фаолият кўрсатиб келади. Музей вилоятимиз табиати ва қадимдан XX аср ўрталаригача бўлган тарихини ўзида акс эттирган жами 100 мингдан зиёд археологик топилмалар, амалий санъат намуналари, санъат асарларига эга.
Музейда меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар сони ва сифатини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилаётгани, унинг мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, ушбу жараёнда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликни тарғиб қилиш ишларига қай даражада ҳисса қўшаётгани каби масалаларда музей масъул ходими Жаҳонгир Тойболаев билан суҳбатлашдик.
– Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюраётган аҳолимиз вакилларига хизмат кўрсатиш борасида ҳеч қандай муаммоларимиз йўқ. Хорижий мамлакатлардан келаётган туристлар учун гидлар мавжуд, буфет фаолият кўрсатмоқда, эҳтиёждан келиб чиқиб намозхона ташкил қилиб қўйдик. Биласиз, фуқароларимиз сиҳатгоҳларга республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюришади, шунингдек қўшни давлатлардан ҳам соғлигини тиклаш мақсадида келувчилар кўп. Шу мақсадда Фарғона туманидаги Чимён сиҳатгоҳи билан ўзига хос ҳамкорлик олиб боряпмиз. Дам олувчиларнинг ҳоҳиш истакларидан келиб чиқиб, ҳафтада бир марта уларни музейимизга уюшган ҳолда олиб келиб кетилмоқда. Ҳозирда музейимиз қошида эсдалик совғалар дўкони фаолиятини ҳам йўлга қўйяпмиз.
“Dilrabo travel” туристик компанияси соҳадаги ёш компаниялардан бири бўлсада, унда асосан ёш, янгиликка интилувчан кадрлар фаолият олиб бораётганлиги сабабли туристик хизматлар бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган компаниялардан бири ҳисобланади. Компания бош менежери Аҳмадали Хакимов билан суҳбатимиз нега туристик хизматлар соҳасида “иккилик стандартлари” (русчасига “двойные стандарты”) сақланиб қолаётганлиги ҳақидаги саволдан бошланди.
– “Иккилик стандартлари”, яъни туризм соҳасининг айрим хизматларида ўзбекистонлик учун бошқа нарх, хорижлик меҳмон учун бошқа нарх деган масала устида гап кетганда, мен масалага нега хорижлик меҳмон учун қиммат деган томондан эмас, балки ўзбекистонлик учун арзон деган нуқтаи назардан ёндошиш тўғри бўлади деб ҳисоблайман. Албатта, биз ички туризм бўйича хизматларга тарифларни белгилашда юртдошларимизнинг моддий имкониятларини ҳисобга олмасдан иложимиз йўқ, – дейди А.Хакимов. – Интернет технологиялари ривожланиб, ҳаётимизнинг ҳар жабҳаларига кириб бориши жараёнида айрим соҳаларда бу каби стандартларни ўз-ўзидан йўқолиб боришига ҳам олиб келмоқда. Оддий мисол сифатида “Яндекс такси” хизматларини олайлик. Мазкур такси хизматининг мобил иловасини телефонига ўрнатиб олган ҳоҳ ички бўлсин, ҳоҳ ташқи туристни йўл кира ҳақлари масаласида “алдаш” мумкинми? Йўқ, албатта. Кира ҳақлари таксометр кўрсаткичлари ҳамда йўловчи томонидан белгиланган А нуқтадан Б нуқтагача бўлган тарифда олинади.
Мутахассис суҳбатимиз давомида, шунингдек, компания томонидан кўрсатилаётган хизматлар турлари ва тарифлари, туристик турлар бўйича гуруҳларни шакллантириш ва уларни амалга ошириш жараёнида турли миллат, турли диний конфессияларга мансуб бўлган аҳоли вакилларининг талаб-истаклари, уларнинг ибодатларини амалга ошириш, таом истеъмолидаги ўзига хосликларни ҳам инобатга олиниши, бу ишларни амалга ошириш учун етарли билим ва малакага эга бўлган мутахассислар ҳамда ҳамкор ташкилотлар мавжудлиги, ҳудудга туристлар оқимини ошириш мақсадида туризм соҳасига оид барча объектларни ўз ичига олган, улар ҳақида фото, видео ва матнлар тарзида олдиндан ахборотлар берувчи вилоятнинг мобил илова тарзидаги туристик харитасини яратилиши зарурлиги бўйича ҳам ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдириб ўтди.
Албатта, ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши жараёнида мамлакат ҳудудида фаолият олиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли беқиёсдир. Вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга турли амалий ва услубий ёрдамларини кўрсатиб келаётган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Дилмуроджон Фозилов билан суҳбатимиз миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада қарор топтириш ишида ҳудудий бўлинманинг ўрни ва роли ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
– Биз ҳудудимизда яшаб истиқомат қилаётган турли миллатларга хос бўлган фуқароларимизни ўз сафларида бирлаштириб, нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз миқёсида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада яхшилашда ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган миллий-маданий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик олиб боришга интилмоқдамиз, – дейди ҳудудий бўлинма раҳбари, – хусусан, вилоятимизда фаолият олиб бораётган 8 та шундай марказлардан 3 таси, яъни татар, тожик ва қирғиз миллий-маданий марказлари Ассоциациямиз аъзоси ҳисобланади. Қолаверса, шаҳримизнинг Қиргули даҳасида “Дўстлик уйи” ташкил қилиниб, миллий-маданий марказларнинг барчаси фаолият олиб боришлари учун у ердан жой билан таъминланган.
Ассоциациямиз аъзолари бўлган марказлар билан ҳамкорликда иш олиб боришимиз, ходимларини давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар билан ишлаш бўйича билим ва малакаларини ошириб бориш йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларимиз ўз ижобий самарасини бермоқда. Шу кунга қадар ушбу марказларнинг 2 таси Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грантлари соҳиби бўлдилар ва муҳим ижтимоий йўналишдаги лойиҳаларини амалга оширдилар. Ҳозирда қолган миллий-маданий марказларни ҳам Ассоциация аъзолигига жалб қилиш устида иш олиб бормоқдамиз, – дейди Д.Фозилов.
Вилоятда юқоридагилардан ташқари, Корейс, Немис, Славянлар, Турк, Яҳудийлар миллий-маданий марказлари ҳам фаолият кўрсатаётган бўлиб, шулардан Ўзбекистон немисларининг «Видергебут» маданий маркази Фарғона вилоят бўлими фаолияти билан танишдик.
Бўлим раҳбари Валентина Миллер билан суҳбатимиз бўлим фаолияти, қолаверса бўлимнинг ҳудуд туризм салоҳиятини ошириш ишига қандай ҳисса қўша олиши борасида бўлди.
– Бизнинг маданий марказимизга ҳам, вилоятимизда фаолият олиб борётган бошқа миллий-маданий марказлар қаторида “Дўстлик уйи”дан алоҳида жой ажратиб берилган, жамоамиз вакилларининг ота-боболари диний урф-одатларига амал қилган ҳолда диний ибодатларини эмин-эркин амалга оширишлари учун Евангель-лютеранлар черкови фаолият олиб бормоқда. Хуллас, биз ўзимизга бу борада яратиб берилаётган шароитлардан мамнунмиз. Шунинг билан биргаликда, фаолиятимизни янада ривожлантириш мақсадида мана шу ўзингиз гувоҳи бўлиб турган боғча ҳудудидан ижарага жой олганмиз. Бу ерда катталар ва болалар учун тил ўргатиш курслари, ашула ва рақс тўгараги, турли пишириқларни тайёрлаш бўйича тўгараклар фаолиятини йўлга қўйганмиз. Битта хонага марказимиз аъзолари томонидан ҳадя қилинган турли буюмлар ва фотолардан иборат кичкинагина музей ҳам ташкил қилдик. Мамлакатимиз расмий байрамлари ҳамда вилоятимиздаги бошқа миллий-маданий марказлар томонидан ташкил қилинадиган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқдамиз.
Энди вилоятимизга туристлар оқимини кўпайтириш ишига бизнинг ҳиссамиз масаласига келсак. Шу ўринда, битта таклифим “Дўстлик уйи”ни вилоятимизга хориждан келувчи меҳмонлар учун тўхтаб ўтиладиган битта бекат даражасига олиб чиқилса, бу уларга миллатларо тотувлик ишига бизнинг қўшаётган камтарона ҳиссамизни намойиш қилиш билан биргаликда, янада кўпроқ туристларни жалб қилиш ишига биз томонимиздан қўшилиши мумкин бўлган ҳиссани яна ҳам ортишига олиб келган бўлар эди.
Марказ раҳбари билан суҳбатимиз давомида қўшни хонадан бир гуруҳ аёлларнинг қўшиқ айтишни машқ қилаётгани овозлари келиб турди. Билсак шу куни ёши катта фуқаролар учун ашула тўгараги куни экан.
Бугунги кунда юртимизда туризм фаолиятини бошқариш йўналишида мутахассислар тайёрлаётган олий таълим даргоҳлари сони оз эмас. Шундай даргоҳлардан бири Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиалидир. Биз мазкур таълим даргоҳининг туризм соҳасини бошқариш йўналишида таълим олаётган бир гуруҳ талабалар билан учрашиб, улар билан соҳанинг жорий аҳволи, уни ривожлантириш йўл-йўриқлари, бағрикенглик, унинг соҳани ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти каби масалаларда фикр-мулоҳазалар алмашдик.
Жумладан, мазкур ўқув юртининг 3-босқич талабаси Қаҳрамонов Диёрбекнинг фикрича, ўзи ўқиш фаолияти давомида бошқа давлатларда ҳам бўлгани, бўлган жойларидаги шарт-шароитларни солиштирилганда, Ҳукуматимиз томонидан туризм соҳасини ривожлантириш, дунё мамлакатларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ўзимизда қўллаш, бу жараёнда туристларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини инобатга олиш, шунингдек соҳага янги инновацион ғояларни жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни босқичма-босқич ва тизимли асосда кетаётгани таъкидлаб ўтилди.
Агар Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиали мамлакатимиз ёшлари ўқиб билим олаётган хорижий таълим муассасаси ҳисобланса, Фарғона Жамоат саломатлиги тиббиёт институти таркибида энг кўп хорижлик талабалар таълим олаётган олий таълим даргоҳалридан бири ҳисобланади.
Ҳозирда институтда 200 дан ортиқ ҳиндистонлик талабалар таълим олмоқдалар.
Ҳиндистонлик ёшларнинг Фарғонага келиб, бу ерда 4 йил давомида яшаб, таълим олишлари учун яратиб берилган шароитлар, уларнинг ерлик аҳоли билан муносабатлари ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида уларга қуйидаги саволларни бердик:
– Сиз бошқа мамлакат, бошқа ҳудуд ва бу ердагидан бошқачароқ муҳитда туғилиб ўсгансиз. Мана Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида олий таълим даргоҳида ўқияпсиз. Бу ерда эса, албатта, бироз бошқачароқ муҳит бўлиши мумкин. Ана шу муҳит алмашиши Сизга таъсир кўрсатдими?
– Бугунги кунда ўқиб таълим олаётган ҳудудингиз – Фарғона шаҳрида Сизга нималар маъқул келди ёки қандайдир қийинчиликлар туғдирган, маъқул келмаган нарсалар ҳам борми?
– Сиз бу ерда таълим олаётган бўлсангизда, илмий тилда айтганда, таълим олиш ниятида Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳсиз, шундан келиб чиққан ҳолда, Фарғона вилояти ҳудудида туризмни янада ривожлантириш йўлида ғов бўлиб турган ҳамда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик масалалари билан боғлиқ қандайдир муаммо ва камчиликларни ўзингизда ҳис қиляпсизми?
Ҳиндистонлик талаба йигит ва қизнинг, шунингдек ўзбек тилида гаплаша оладиган талаба йигитнинг мазкур саволларга берган атрофлича жавоблари ва ҳудудда туризмни янада ривожлантириш юзасидан таклиф-мулоҳазаларини қуйидаги видеолавҳани кўриб билиб олишингиз мумкин.
Бугунги кунда юртимиздаги айрим олий таълим даргоҳларида хориж давлатларидан келиб, ёшларга ўз соҳаси сир-асрорларини ўргатаётган, шунингдек мамлакатимизда турли дастурлар доирасида қисқа муддат бўлиб, аҳолининг турли қатламлари вакилларига ўз мутахассислиги бўйича мастер-класслар бериб бораётган чет эллик мутахассислар ҳам бор. Биз шундай мутахассислардан иккитаси, Германиялик олим, ҳозирда Фарғона давлат университети Чет тиллари факультетида немис тилидан дарс бераётган Франк Рихтер ҳамда “Ўзбекистонликлар учун грант таклифларини ишлаб чиқиш ва ёзиш” лойиҳаси ташаббускори ва бош тренери, АҚШнинг Аппалачи университети профессори Жесси Лутабингвалар билан суҳбатлашдик.
Фарғона шаҳрида 9 ойдан буён яшаб, меҳнат фаолияти олиб бораётган германиялик олим Ф.Рихтер ўзининг биргина Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройига қилган саёҳати мисолида, юртимизга илк маротаба ташриф буюрган АҚШлик олим Ж.Лутабингва эса бу ердаги бир ҳафтадан ортиқроқ муддатда бўлиши давомидаги кузатишлари асосида қизиқарли ва эътиборга молик фикрларини билдириб ўтдилар.
Юртимизнинг тарихий обидаларга бой ва туристлар билан ишлаш борасида узоқ йиллик тажрибага эга ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмонларимизнинг фикрлари ҳам биз учун жуда қадрли. Шу мақсадда хизмат сафари мақсадлари билан Хоразм вилоятидан ташриф буюрган меҳмон, ёш олима Наргиза Машариповани суҳбатга тортдик.
– Мен Урганч шаҳридаги олий таълим даргоҳида ишлайман. Фарғона шаҳрига илк бор келишим. Бу ерга америкалик профессор Ж.Лутабингва томонидан ўтказилаётган тренингда иштирок этиш учун келдим. Албатта, Фарғона шаҳрининг туризм потенциалини тарихий обидаларга бой бўлган кўҳна Хива, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига солиштириб бўлмасада, лекин турли инновацион ечимлар топиш, ҳудуддаги Қўқон, Марғилон, Риштон шаҳарлари ва бошқа жойларнинг ушбу йўналишдаги имкониятларидан самарали фойдаланиш йўли билан вилоятга туристлар оқимини кўпайтиришнинг имкони бор. Лекин бунда дастлаб туризм инфраструктураси субъектлари билан жиддий иш олиб бориш керак бўлади. Биргина мисол. Америкалик меҳмон билан шаҳрингиздаги нуфузли кафелардан бирига овқатланиш учун кирганимизда меҳмонни ўзи таом танловини амалга ошириши учун унга таомномани инглиз тилидаги вариантини беришларини сўрадик. Улардан эса кафеда инглиз тилида мулоқот қила олувчи официантлар мавжудлиги, лекин инглиз тилида таомнома йўқлиги тўғрисида жавоб олдик. Туризм ривожланиб борар экан, нуфузли умумий овқатланиш корхоналарида жаҳонда халқаро мулоқот тили сифатида эътироф этилган тил – инглиз тилидаги таомномалар тайёрлаб қўйилиши ва сўралган вақтда тақдим қилиниши керак, деб ҳисоблайман.
Хоразмлик меҳмон томонидан билдириб ўтилган фикрлар жуда асосли, сабаби унинг томонидан айтиб ўтилган тил билувчи ходим ва таомнома тўғрисидаги фикрлар “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари»нинг 7-бандида айрим турдаги умумий овқатланиш корхоналарига нисбатан қўйиладиган талаб сифатида кўрсатиб ўтилган. Яъни Қоидаларнинг ушбу бандига кўра, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш корхоналари штатида ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ҳажмда камида битта хорижий тилни биладиган ходим бўлиши керак ва ушбу корхоналарда фирма жилдларида, давлат тилида ва хорижий тилларда ёзилган таомнома бўлиши керак.
Мақолани тайёрлаш давомида туризмга боғлиқ мавзуларда турли илмий изланишлар олиб борган ва бораётган олимлар билан билан суҳбатлашиб, уларнинг бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини сўрадик.
Фарғона давлат университети Фалсафа кафедраси доценти Бахтиёр Мирзарахимовга кўра, ҳудудда туризмни янада ривожлантириш мақсадида маърифий, миллий ўйинлар ва байрамлар, зиёрат, таълим ва ов туризми соҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратилиши керак ҳамда ушбу жараёнда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойиллари ҳам инобатга олиниши лозим.
Жумладан, олимнинг фикрича:
– ўз даврида илм-фан тараққиётида буюк инқилоб ясаган «Ислом цивилизацияси», бунинг натижасида Ўрта Осиёдан етишиб чиққан Ал Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби кўплаб алломалар, уларнинг ҳаёт йўллари қай даражада мураккаб кечганлигини кўрсатиш, инсон учун берилган умрдан тўғри ва унумли фойдаланишлари ва буюк мақсадлар йўлидаги заҳматли меҳнатлари билан сайёҳларни таништириш йўналишидаги маърифий туризм дастурлари;
– Жаҳон туризм ташкилоти томонидан дунё халқлари миллий ўйинлари ва байрамлари туризмнинг бир тармоғи сифатида эътироф этилганлигидан келиб чиқиб, миллий ўйинларимизни тартибга солиш ва уларни сақлаб қолиш, қадриятларимизни ёш авлодга етказиш борасида инновацион туристик объектларни ташкил этиш, бунда ўзбек миллий ўйинларини мавсумий эмас, балки йилнинг ҳар фаслида ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
– жойлаштириш объектларида мамлакатимизга кириб келаётган турли дин вакиллари бўлган сайёҳлар оқимининг диний ибодат эҳтиёжлари учун шарт-шароитларни ҳисобга олиш;
– туризм ва экскурсиялар орқали таълим сифатини сифат босқичига кўтариш мақсадида ўрта таълим ва олий таълим ўқув дастурларидаги мавжуд фанлар тармоқларига экскурсиялар учун алоҳида белгиланган кун ёки соатлар ажратилиши;
– ов туризми ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, табиатда йўқолиб бораётган ёки йўқолиш хавфида бўлган ноёб ҳайвонларни сақлаб қолиш, шунингдек экологик барқарорликни сақлаш мақсадида, ушбу фаолиятни ҳамда малакали ва ҳаваскор овчилар фаолиятини тартибга солиш шулар жумласидандир.
Мазкур университетнинг Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, этнолог Салимжон Йўлдошевнинг фикрларини ҳам доцент Б.Мирзараҳимов фикрларининг мантиқий давоми дейиш мумкин.
С.Йўлдошевнинг фикрича, ҳудудда миллий ўйинлар ва байрамлар туризми йўналишини янада ривожлантириш учун етарли имкониятлар мавжуд. Бунга биргина мисол қилиб улоқ-кўпкари ўйинларини келтириб ўтиш мумкин. Ушбу ўйиннинг қулай ва оммабоплиги шундан иборатки, у катта миқдордаги томошабинлар аудиториясини осонгина тўплаш имкониятига эга бўлгани ҳолда, уни ташкиллаш учун махсус майдон ва шарт-шароитлар талаб этилмайди. Фақатгина миллий ўйинлар туризмини ривожлантиришда уни томоша қилгани турли миллат вакиллари ва турли диний қарашларга эга бўлган сайёҳлар ташриф буюриши ҳам инобатга олиниши, бугунги кун инсонпарварлик анъаларига мос келмайдиган айрим кичик деталларини бироз модернизация қилиниши мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда бундай тамойил, улоқ-кўпкари ўйини мисолида улоқ сифатида ҳақиқий ҳайвондан фойдаланиш эмас, балки унинг муляжидан фойдаланиш тариқасида намоён бўлмоқда.
Соҳа ривожига хизмат қиладиган яна бир йўналиш бу этнотуризмдир. Биргина Фарғона вилояти мисолида айтадиган бўлсак, вилоятда турли миллатга хос бўлган этник гуруҳлар уюшган ҳолда истиқомат қиладиган ҳудудлар мавжуд бўлиб, сайёҳга ана шу ҳудудларнинг ўзига хослик томонлари, анъана ва урф-одатларини намойиш қилишни кўзда тутувчи йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва ушбу йўналишлар бўйича туристик маршрутлар йўлга қўйилиши мумкин. Бунинг учун эса мутахассислар томонидан дастлаб ҳудуднинг Этнохаритаси ишлаб чиқилиши талаб этилади.
Умуман олганда, Фарғона вилоятида туризм соҳаси истиқболли ва ижобий кутилмаларга эга бўлган йўналиш бўлиб, минтақанинг иқтисодий ўсиши ва ижтимоий-маданий ривожланишида муҳим омил бўлиш учун етарли имкониятлар мавжуд. Вилоят ўзининг ноёб маданий мероси, табиий бойликлари, турли хил сайёҳлик имкониятлари, шунингдек кенг феълли аҳолиси билан янада кўпроқ маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қила олиш имкониятига эга. Ҳудудда туризмнинг барқарор ва муваффақиятли ривожланишини таъминлаш учун инфратузилмани яратиш, хизматлар сифатини ошириш ва минтақанинг туризм маҳсулотини жаҳон бозорига илгари суриш бўйича ишларни тизимли асосда давом эттириш зарур.