Фарғона шаҳрида Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг “Маҳалла – Ўзбекистонда медиажамоатчиликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги лойиҳаси доирасида “Фактчекинг нима? Фейк хабарлар ва уларни аниқлаш” мавзусида тренинг ўтказилди.
Тренингда Марғилон, Қувасой шаҳарлари ҳамда Фарғона, Тошлоқ ва Қува туманлари Ахборот кутубхона марказлари ходимлари иштирок этдилар.
Тренинг медиатренерлар Т.Юлдашев ва Ғ.Маматкуловлар томонидан интерактив усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борилди ҳамда иштирокчиларга «Медиасаводхонлик нима ва унинг аҳамияти нимада?», «Спам ва Фишинг. Уларни қандай фарқлаб олиш мумкин?», «Фактчекинг нима ва у нима учун муҳим? Ахборот манбаларининг ишончлилигини қандай аниқлаш мумкин?», «Фейк хабарларни қандай аниқлаш мумкин? Фейк хабарлар қандай тарқалади ва уларга қандай қарши туриш мумкин?» каби мавзуларда машғулотлар ўтилди.
Шунингдек, ўтказилган тренинг доирасида иштирокчиларнинг медиасаводхонликнинг аҳамияти, спам, фишингдан ҳимояланиш йўллари, фейк хабарларни ажратиб олиш, фактларни текшириш ва ахборот манбаларини ишончлилигини аниқлаш бўйича олган билимлари турли ўйинлар ва амалий топшириқларни бажариш воситасида мустаҳкамланди.
Тадбирга Тошкент шаҳридан ташриф буюрган Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази вакиллари Д.Османова ва Д.Мирзахмедовалар тренингнинг ташкилий услубий томонлари мониторингини олиб бордилар. Шунингдек, улар иштирокчиларни мамлакатимизда ишга туширилган factcheknet.uz сайти фаолияти ҳамда медиасаводхонликни оширишга қаратилган Qlever мобил иловаси билан ҳам таништириб ўтдилар.