Амалдаги қонунчиликка кўра истеъмолчида мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида алмаштириб олиш ҳуқуқи мавжуд. Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш учун эса товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган, истеъмол хусусиятлари сақланган бўлиши талаб этилади. Шу ўринда, товарнинг Ҳукумат қарори билан тасдиқланган қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарларга алмаштирилмайдиган товарлар рўйхатида турмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади.
Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига «Бешкапа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Э. Ё.нинг қилган мурожаати айнан ана шу масалада бўлиб, мурожаатда фарзанди учун харид қилинган спорт кийимининг ўлчами бироз мос келмаганлиги сабабидан уни сотувчига қайтариб, товар учун тўлаган 130 000 сўм пулини қайтариб ололмаётганлиги борасидаги шикояти акс этган.
Туман жамияти мутахассиси мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчига спорт кийимини сотган сотувчи билан учрашганида спорт кийими айнан ушбу сотувчидан харид қилингани, истеъмолчи унга ўлчами мос келмаган товарни қайтиб олиб, пулини қайтариб олиш масаласида мурожаат қилгани тўғрисидаги важлар исботини топди. Сотувчига «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси талаблари тушунтирилиши билан эса муаммо ечим топиб, товар сотувчига, пул маблағи эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.