«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Россияга поездлар қатновини тиклаш ва Тожикистонга поездлар ҳаракатини бошлаш саналарини маълум қилди.
Компания матбуот хизмати хабарига кўра, 23 июндан бошлаб 5/6-сонли поезд «Тошкент — Самара — Тошкент» йўналишида ҳаракатлана бошлайди. У Тошкент марказий вокзалидан пайшанба кунлари соат 19:05 да жўнайди ва шанба куни соат 18:14 да Самара вокзалига етиб боради. Самарадан жўнаш — якшанба кунлари соат 16:11 да, Тошкентга сешанба куни соат 16:56 да етиб келинади.
Тошкентдан Самарагача бўлган темир йўл масофаси 2271 км. Сафар вақти 48 соат. Поезд 11 та вагон: 3 та купе, 7 та плацкарт ва вагон-ресторандан иборат.
20 июндан бошлаб 301/302-сонли янги йўловчи поезди «Душанбе — Тошкент — Душанбе»йўналиши бўйича қатнай бошлайди. Поезд Душанбедан душанба кунлари жўнаб, Тошкентга сешанба куни соат 13:43 да етиб боради. Тошкентдан учиш — сешанба куни соат 16:15 да, Душанбега келиш — чоршанба куни.
Тошкентдан Душанбегача бўлган темир йўл масофаси 916 км. Поезд 21 соат йўлда бўлади. Поезд 10 та вагон: 4 та купе, 5 та плацкарт ва вагон-ресторандан иборат.