Учрашувда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов бошчилигидаги адлия вазирлиги вакиллари делегация аъзолари билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашнинг кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни муҳокама қилишди.
Шунингдек томонлар инсон ҳуқуқларини, жумладан эътиқод ва сўз эркинлигини таъминлашнинг асосий халқаро ҳуқуқий меъёр ва тамойиллари борасида фикр алмашдилар.
Хусусан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йзналишида олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор жиҳатларидан бири сифатида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш турганлиги эътироф этилди.
Норвегия Хелсинки қўмитаси делегациясига жорий йилда Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг универсал даврий маъруза бўйича ишчи гуруҳининг 30-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича учинчи миллий маърузасининг кўриб чиқилиши якунлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмларини мақсадли равишда такомиллаштириб бораётганлиги таъкидланди. Хусусан, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари жорий этилганлиги, бу жараёнда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаол иштироки таъминланаётганлиги таъкидланди. Бу жараёнга кўмаклашиш мақсадида ННТларни рўйхатга олиш ва ўз фаолиятини эркин юритиши борасида қатор талаблар бекор қилинди.
Мулоқот давомида суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда обрў-эътиборини таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хорижлик экспертларга мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам бериш борасида давлат даражасида амалга оширилаётган чоралар ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, норвегиялик экспертлар эътибори яқинда ҳукумат томонидан қабул қилинган пахта хомашёсини териш давомида мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам беришга, жумладан, пахтани қўлда териш учун тўланадиган иш ҳақининг меҳнат бозорида шаклланган ўртача иш ҳақи даражасига тенглаштиришга қаратилган янги иқтисодий чора-тадбирларга қаратилди.
Норвегия Хелсинки қўмитаси делегацияси аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш жараёни жаҳон ҳамжамиятида, жумладан, хорижий мамлакатлардаги фуқаролик жамияти институтларида катта қизиқиш уйғотаётаётганлигини эътироф этишди.
Учрашувда хорижлик экспертлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш борасида ўзларининг тавсиялари билан бўлишдилар ҳамда келгусида ҳамкорликни давом эттириш истагини билдиришди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.