Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳақида сўз юритиб, фуқароларни бундай иллатга бефарқ бўлмаслик ва унга чек қўйишга чақирди.
«Зўравонликка чек қўяйлик!
Аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ булган жуда жиддий муаммо саналади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотлардир.
Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда.
Кундалик ҳаётимизда аёллар қанчалик бу турдаги муаммо билан тўқнашмоқда? Афсуски, бу борадаги саволга жавоблар қувонарли эмас.
Бугун эса ушбу муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида “Маиший зўравонликнинг олдини олиш ҳақидаги” Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди.
Бунинг учун Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси 1146 – ягона телефон рақамларини ишга туширди. «Ишонч телефон»лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Ва энг асосийси, бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади. АЙНИ ДАМДА «ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ» ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА. Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади.
Фурсатдан фойдаланиб, агар Сиз атрофингиздаги ана шундай аёллар тақдиридан хабардор бўлсангиз, бефарқ бўлмаслигингизни сўраймиз, бизга мурожаат қилинг ва биз биргаликда муаммонинг ечимини топамиз!», – дейди Танзила Норбоева.