Фото: ИИВ

Жиззахда 19 ёшли йигит Telegram’да сохта хайрия ўтказиб, 11 млн сўмни «еб юборди»

Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Р.Г. ўзининг 3 ёшли жияни Х.И. оғир даражада куйгани сабаб 2021 йил 14 апрель куни Telegram’да моддий ёрдам гуруҳини очиб, унга жиянининг куйган ҳолдаги видеолавҳаларни ўзининг телефон ва банк пластик карта рақами билан жойлаштирган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Аммо, 27 апрель куни номаълум шахс томонидан ушбу видеолавҳалар Telegram’дан кўчириб олиниб, унда ёзилган пластик карта ва телефон рақамини ўзиникига ўзгартирган ҳолда халқдан ёрдам сўраб, бир қатор гуруҳларда жойлаштирган ва сохта хайрия эълонлари берган.

Суриштирувга кўра, мазкур ҳаракатни Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи 2002 йилда туғилган М.Р. содир этганлиги аниқланиб, бир дона банк пластик картаси ва телефон ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Аниқланишича,  М.Р. ушбу сохта хайрия эълони орқали пластик картасига жами бўлиб 11 млн сўмга яқин пул маблағларини тушириб, пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Ҳолат юзасидан фуқаро М.Р.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Банк карталари воситасидаги фирибгарликлардан эҳтиёт бўлинг. Медиасаводхон бўлинг!

ВИДЕО: