Фото: Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати

Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларига сел келиши хавфи кутилмоқда

15−16 июль кунлари Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи мавжуд, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

13 июль куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида куч ёмғир ёғиши оқибатида Косонсой туманига сел келган. Ҳодиса оқибатида 8 нафар фуқаро вафот этган, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган.

Ўзгидромет мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

 «13 июль куни Қирғизистоннинг шимоли-ғарбий қисми ва Қозоғистон жанубидан атмосфера совуқ фронти ўтди. Куннинг иккинчи ярмида фронт ўтиши ортидан, Фарғона водийси тоғ ҳавзаларида кучли ёмғирли тўп-тўп булутлар ривожланди», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Оқсув ва Олабуқа туманларида маҳаллий вақт 12:35 ва 13:25 оралиғида кучли жала ёмғилар ёғиб ўтган. Кучли жала ёмғирлар Жалолобод вилояти Оқсув тумани ва Наманган вилояти Косонсой туманидан оқиб ўтувчи Косонсой сойида сел оқимини ҳосил қилган.

Наманган вилояти Косонсой тумани айрим ҳудудларида қисқа муддатли жала ёмғирлари ва дўл ҳодисаси кузатилган. Қўшимча қилинишича, ўртача ҳисобда дўл диаметри 1 см ни ташкил этган.

Қайд этилишича, Косонсой тумани тоғ олди ҳудуд ҳисобланиб, георафик жойлашганлигига кўра, сел-тошқинлари ҳосил бўлишига мойил ҳудуд саналади. 13 июль куни қўшни Қирғизистон ҳудудларида кузатилган кучли жала ёмғирлар ҳисобига шаклланган Косонсой сойидаги сел ҳодисалари олдинлари туманнинг бошқа сойларида ҳам тез-тез такрорланган.

Таъкидланишича, 13 июль куни Косонсой сойидан максимал 60 м³/с миқдордаги сел-сув тошқиини ўтган. Бу Косонсой сойи учун максимал миқдор эмас. Косонсой сойида сел ҳодисалари 1878 йилдан бошлаб рўйхатга олиб келинади. Сойда сел ҳодисалари асосан, апрель-июль ойларида ҳосил бўлади.

Косонсой сойида тез-тез сел ҳодисалари кузатилган бўлиб, 1964 йил 27−28 июль кунлари — секундига 278 кубометр, 1988 йил 10 майда — секундига 200 куб, 1992 йил 25 майда — 250 кубометрни ташкил этган.

Ўзгидромет маҳаллий аҳолидан 14−17 июль кунлари Қирғизистон билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги дам олиш масканларига бормасликни сўраб қолади.