Йўллардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилди

Республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Гуруҳ таркибига Ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилган.

Гуруҳ томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олишнинг бугунги кундаги ҳолати комплекс равишда ўрганилиб, илғор хорижий тажрибаси ва илмий ёндашувларни қўллаш асосида норматив-ҳуқуқий ва манзилли ташкилий-амалий чоралар ишлаб чиқилади.

Алоҳида эътибор, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар — йўлларнинг ҳолати, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгилари, тартибга солинмаган чорраҳалар ва бошқаларга қаратилиб, уларни тубдан яхшилаш бўйича ҳар томонлама чоралар кўрилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилиб, кўриладиган комплекс чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка ахборот берилади ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар синчковлик билан ўрганиб чиқилади, дейилади хабарда.