23−26 март кунлари умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Илм-фан келажак пойдевори» шиори остида «Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммити ўтказилди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Саммитда қатор ҳамкор ва мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда 140 нафар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган ўқувчи-қизлар иштирок этишди.
«Қизларжон» саммити иштирокчилари энди ўқувчи-қизлар ўртасида мавжуд бўлган салбий ҳолатларни (эрта никоҳ, эрта тўғруқ, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа психологик тушкулликка тишиш) олдини олиш, ўқувчи-қизларни замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва уларни миллий урф-одат ва анъаналар руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тенгдош-тенгдошга тамойили асосида ўз фаолиятларини олиб борадилар», — деди Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига саммит ишида ўқувчи-қизлар Вояга етмаган фарзандлари бўлган ота-оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш бўйича қонун қабул қилиш бўйича мурожаат йўлладилар.
Шунингдек саммит ишида «Ёш китобхон» танлови ғолиблари бўлган танлови ғолиблари китобхонликни ривожлантириш бўйича ўтказилаётган танловларни нафақат бадиий адабиётлар бўйича балки оилага тайёрлов мундарижасидан ўрин олган китоблар бўйича ўтказишни таклиф қилдилар.
Саммит якунига кўра энди барча ҳудудларда «Қизларжон» саммити ташкил этилиши ва қизларнинг ахборот технологиялари соҳаси бўйича билим кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш бўйича Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан жойларда дастурчи қизлар учун маҳсус тренинглар ва клублар фаолияти йўлга қўйилиши ва ўқувчи-қизларнинг хорижий тилларда ўз фикрларини теран ифода этишлари учун «TED-ed» клублари фаолияти йўлга қўйилиши белгилаб олинди.
Саммит доирасида ўқувчи-қизлар учун Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот техналогиялари университетининг Самарқанд филиалии фаолияти билан танишишди ва 1 кун давомида олий таълим муассасаларида эркин тингловчи сифатида дарс машғулотларида иштирок этди.
Ота-оналарни хорижга ишлаш учун чиқишларини чеклаш ҳақида таклифи бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳам изоҳ берди
Жорий йилнинг 23−26 март кунлари Самарқанд шаҳрида «Илм-фан — келажак пойдевори» шиори остидаги «Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммитида вояга етмаган фарзандлари бўлган ота-оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш мақсадида қонун қабул қилиш ҳақидаги мурожаати бўйича Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати изоҳ берди.
«Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммити доирасида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига ўзларини қизиқтирган ва ташвишга солган масалалари билан мурожаат этишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган саммитда иштирокчилар томонидан турли мавзуларга оид таклифлар берилди.
Тадбир иштирокчиси вояга етмаган фарзандлари бўлган оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш мақсадида қонун қабул қилиш бўйича таклиф берган.
Бу таклиф қизларнинг атрофдаги воқеаларни ўрганишлари асосида берилган. Яъни, ота-оналари хорижга ишга кетган айрим ёшлар турли ножўя ишларга, жумладан жиноятчиликка ҳам аралашиб қолмоқда.
Мазкур таклиф ҳеч ким томонидан атайлаб уюштирилмаган. Таклиф берган қизларнинг вояга етмаганлигини ҳисобга олиб, саммит давомида мутахассислар томонидан қонун биринчи навбатда инсон манфаатларига зид бўлмаслиги ва бу мазмундаги норматив ҳужжатлар фуқароларнинг эркинлигини чеклашига олиб келиши ҳақида батафсил тушунча берилди.