АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини АҚШ федерал органларига мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнатидан фойдаланиб тайёрланган товарларни сотиб олишни тақиқловчи президент актининг 13126-сонли ижро буйруғи рўйхатидан чиқарди.
Бу ҳақдаги маълумот 25 март куни вазирликнинг Халқаро меҳнат масалалари бюроси томонидан эълон қилинди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта рўйхатга 2009 йилда киритилган эди.
Ўзбек пахтасини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги масала Америка маҳкамаси ташаббуси билан ўтган йилнинг июлида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Вазирлик Cotton Campaign халқаро коалицияси, Меҳнаткашлар ҳуқуқлари учун халқаро форум (ILRF, Cotton Campaign таркибидаги ташкилот) ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва мамлакатнинг Вашингтондаги дипломатик миссияси расмий изоҳларини ҳисобга олди.
2018 йил сентябрида АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини болалар меҳнатидан фойдаланиб тайёрланган маҳсулотлар рўйхатидан (TVPRA рўйхати) чиқарган эди. TVPRA рўйхатидан кўзланган мақсад — хорижий мамлакатларда маҳсулотларни ишлаб чиқаришда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш устидан мониторини фаоллаштириш ва унга барҳам беришдан иборат.