«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Ўсмирлар ўзи ва кун тартиби тўғрисида» мавзуида ижтимоий сўров ўтказилди. Унга республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинди. Мазкур саволга шаҳар ва қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар жавоб берди.
Сўров натижалари ўсмирларнинг руҳий ва жисмоний ривожланишида кун тартиби муҳим роль ўйнаши, ўқув юкламалари ва дам олишнинг ўзаро мувофиқлиги, уйқунинг давомийлиги, вақтида овқатланишни назорат қилиш, интизомга ўргатишга ёрдам беришини кўрсатди.
Тадқиқот давомида аниқланишича, кун тартибининг бузилиши ўсмирнинг жисмоний аҳволи ва унинг фанларни ўзлаштиришига жиддий таъсир кўрсатади. Муайян шароитда кун тартибининг бузилиши ўсмирларнинг ахлоқ чегарасидан чиқишга мойиллигидан далолат бериши мумкин.
Сўров натижалари кўрсатганидек, ўсмирларнинг аксарияти (82,9 фоиз) гигиена талабларига мунтазам риоя қилади, хусусан, тишини тозалайди, ювинади. Кўпинча қизлар шахсий гигиенага масъулият билан қарайди ва унга кўпроқ вақт ажратади. Йигитлар эса, аксинча, гигиена нормаларига мунтазам риоя қилмайди.
Мактаб ўқувчиларининг 31,8 фоизи мунтазам бадантарбия билан шуғулланади. 23,3 фоизи эса машғулотларни доим ҳам бажармайди, 7,4 фоизи ота-она тазйиқи остида бажаради. Деярли ҳар учинчи ўсмир (37 фоиз) бадантарбияни умуман бажармайди. Кўп ҳолларда бу қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи ўсмир ва ўқувчи қизларга тааллуқли.
Тадқиқот натижалари аксарият ўсмирлар кунига уч марта: нонушта, тушлик ва кечки овқат тановул қилишини кўрсатди. Сўров ёш улғайиши билан ўсмирларда, гарчи бу уларнинг жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатса-да, овқат истеъмоли қисқаришини аниқлади. Фақат 39,3 фоиз ўқувчилар мактаб ошхонасида иссиқ овқат ейиш имкониятига эга. Ҳар бешинчи ўсмир (24,3 фоиз) деярли тушлик қилмайди, балки мактаб ошхонаси ёки кўчадан пирожка, беляши, сомса, бургерлар сотиб олиб тамадди қилади. Аниқланишича, ҳар учинчи ўсмирда тушлик кечки вақтга қолдирилади.
Тадқиқот натижаларига кўра, мактабда ўқиш ўсмирлар кун тартибида марказий ўрин эгаллайди. Бу ерда ҳар иккинчи ўсмир олти соатдан камроқ, ҳар учинчи ўсмир етти соатга яқин, деярли ҳар ўнинчи ўсмир саккиз соатга яқин вақтини ўтказади. Ўсмирларга сабоқ олиш ёқади, умуман, улар ўз мактабларида йўлга қўйилган таълим-тарбия жараёнларини ижобий баҳолайди, ўқув юртларида эгалланган билимлар, ҳаётий кўникма ва маҳоратларини қадрлайди. Тадқиқотда иштирок этган ўсмирларнинг аксарияти мактабда эгалланган билим ва тажриба уларнинг келажаги учун муҳим аҳамият касб этишига ишончи комил. Аксарият ўсмирлар мактабни ўз вақтини ёқимли ўтказиш, тенгдошлари билан мулоқот қилиш, турли қизиқарли тадбирларда иштирок этиш мумкин бўлган жой, деб билади.
Кўплаб ўсмирлар севимли фанлари сифатида кўпроқ математика ва информатикани эътироф этди. Сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси эса бундай фанлар сирасига она тили ва тарих фанлари киришини таъкидлади. Ҳар ўнинчи иштирокчи инглиз тили дарсларини танлади. Ҳар иккинчи ўсмир қандайдир фан ёки фанлар бўйича қўшимча машғулотлар, секция ва ижодий тўгаракларга қатнашади. Шу муносабат билан мактаб таълими тизимини такомиллаштиришни давом эттириш, уни ёш авлоднинг таълим соҳасидаги эҳтиёжларига мослаштириш, хусусан, математика, физика, кимё, тарих, хорижий тиллар каби фанларни чуқурроқ ўқитиш, ўқувчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши ниҳоятда долзарблиги намоён бўлмоқда.
Ўсмир ёшида кун тартиби бузилишининг жиддий шаклларидан бири нафақат мактаб интизомига риоя қилмаслик, балки ўсмирларнинг бошқа машғулотларга сабабсиз келмаслиги ҳисобланади. Мактабдаги машғулотларга келмаслик сабабли ўсмирда академик ўзлаштириш ёмонлашади, у бутунлай мактаб тартибидан чиқиб қолади, унинг ахлоқ чегарасидан чиқиш эҳтимоли ортади. Ўқувчиларнинг таъкидлашича, машғулотларни асосан узрли сабаб, хусусан, касаллик сабабли қолдиришга мажбур бўлади. Асосан қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи айрим ўсмирлар ўқув машғулотларини ота-онасига ёрдам кўрсатиш зарурияти сабабли қолдиради. Деярли ҳар ўнинчи ўсмир дарсни оилавий тадбирларни ўтказиш сабаби билан қолдирган, баъзи ўсмирларнинг ўқишга келмаслик сабаби берилган материални текшириш, доскага чиқариш, назорат ишлари ёзиш, бажарилмаган уй вазифалари билан боғлиқ қўрқувлар ҳисобланади.
Сўров давомида аниқланишича, ўсмирлар кун тартибида ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажаришга кетказган вақти муҳим аҳамиятга эга. Ўртача вақт тахминан 2,3-2,5 соатни ташкил қилади. Йигитлар билан таққослаганда, қизлар уй вазифаларини тайёрлашга жиддийроқ ёндашади ва бунга кўпроқ вақт сарфлайди.
Сўров натижаларига кўра, ҳар учинчи ўсмир мактаб дарсларидан сўнг қандайдир фан бўйича репетитор билан қўшимча машғулот, спорт секцияси, ижодий тўгарак, мусиқа мактабларига боради. Улғайган сари олий ўқув юртларига киришга тайёрланиш билан боғлиқ қўшимча машғулотларга қатновчи ўсмирлар сафи ортиб боради. Йигитлар кўпроқ спорт машғулотларига қатнаса, қизлар репетиторга қўшимча машғулотларга қатнайди. Ўсмирлар кун тартибидаги ўзгариш бевосита мактаб дарсларидан сўнг қўшимча машғулотларга борганда, асосан улар орасида тушлик вақтида тўлақонли овқат тановулини ўтказиб юборадиганлар сонининг жиддий равишда ошиб бораётганлиги билан боғлиқ.
Бундай болаларда ўқув юкламалари ортиб боради ва бўш вақт, шунингдек, ўқув машғулотларидан сўнг дам олиш вақти кескин қисқаради.
Ўсмирлар кун тартиби тузилишида бўш вақт муҳим аҳамиятга эга, чунки ўқувчи ўзининг шахсий эҳтиёжлари ва манфаатларидан келиб чиқиб, бу вақтдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади. Сўров натижаларига кўра, ўсмирларнинг 65,2 фоизи учун ўқишдан бўш вақтида дўстлар билан мулоқот қилиш улар ҳаёт фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. 61,9 фоиз ўсмир бўш вақтида телевизион дастурларни кўришни афзал кўради. Сўров ёрдамида ҳозирги кунда бадиий ва таълимга оид адабиётларни ўқиш, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш, ижодий тўгараклар, спорт билан шуғулланиш бўш вақтнинг оммабоп шаклларига айланмоқда.
Сўров маълумотларига кўра, ўқишдан ташқари бўш вақтнинг асосий қисмини ўқувчилар ота-онасига уй ишларида ёрдам бериш (75,9 фоиз) ва кичик ёшдаги болаларга қараб туриш (72,9 фоиз)га сарфламоқда. Қизлар (89,2 фоиз) бўш вақтининг энг кўп қисмини ота-онасига уй ишларида ёрдам беришга сарфлайди. Йигитлар (62,2 фоизи) кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларда дўстлари билан мулоқот қилиш билан ўтказади. Ота-онасига ёрдам бериш ўрнига вақтини телевизор кўришга сарфлайди. Қишлоқ жойларида ота-онасига ёрдам бериш билан боғлиқ вазифалар кўпроқ йигитлар зиммасига юклатилади.
Сўров доирасида кечки пайт (20:30 дан сўнг) кўча, маҳалла ва кафеларда дўстлари билан мулоқот қилишда давом этаётган ўсмирлар борлиги ҳам аниқланди. Бўш вақтини шу тариқа ўтказувчи ўсмирлар (асосан юқори синф йигитлари) ахлоқий чегараларни бузишга мойилликнинг эгри индикатори ҳисобланади. Ўсмирларнинг кечки пайт уйдан чиқиб кетиш имконияти борлиги ота-оналар фарзандларини қаттиқ назорат қилмаётганидан далолат беради.
Сўров натижаларига кўра, деярли ҳар учинчи ўсмир қандайдир жиддий қизиқиш ва машғулотларга эга эмас, бўш вақтини асосан теледастурлар кўриш ёки кўчада тенгдошлари билан ўтказади. Бироқ, айнан шу ёшдагилар мунтазам қандайдир юмуш билан машғул бўлиши, ижод, спорт, тилларни ўрганишга қизиқиши жуда муҳим. Ўтказилган сўров одатда қонунбузилишлари ўқув юртларида машғулотларни тизимли ўтказиб юборадиган, ҳеч қандай доимий қизиқишга эга бўлмаган вояга етмаганлар томонидан содир бўлаётганлигини кўрсатди.
Тадқиқот доирасида деярли ҳар бешинчи ўқувчи иккинчи сменада ўқиши аниқланди. Биринчи сменада таҳсил олаётган ўсмирлар орасида ҳар учинчи ўсмир қўшимча машғулотларга қатнаса, иккинчи сменада ўқиётганлар орасида эса бундай машғулотларга фақат ҳар ўнинчи ўсмир қатнайди. Сўров натижаларига кўра, иккинчи сменада ўқиётган ўсмирларнинг бўш вақт имкониятлари чегараланган. Юкламалар даврининг дам олиш даври билан мутаносиблиги таъминланган дарс машғулотларининг қатъий жадвалини ишлаб чиқиш иккинчи сменада ўқишнинг салбий оқибатларини бир мунча юмшатиши мумкин. Бироқ, умуман олганда, сўров фуқароларнинг барча ўқувчиларни биринчи сменада ўқишга ўтказиш зарурияти ҳақидаги фикрини аниқлади.
Сўров ўсмир кун тартибида акс эттирилган ҳаёт тарзининг муайян алгоритмлари маълум даражада ўсмирнинг ахлоқий фазилатлари ва шахс сифатида шаклланишига жиддий таъсир кўрсатишини намоён қилди.
Барча ўқувчиларга тўғри келадиган универсал кун тартиби мавжуд эмас. Ўсмирнинг кун тартиби индивидуал характерга эга бўлиб, унинг оиласи, қизиқишлари доираси, оилавий анъаналар ва одатлар, пировардида, оиладаги тарбия асосида шаклланади. Шу муносабат билан ота-оналарнинг ўз болаларини тарбиялаш жараёнида ўқитувчилар билан ўзаро ҳамкорликдаги иштирокини фаоллаштиришга йўналтирилган оилалардаги тарбиявий-маърифий ишларни кучайтириш, уларнинг педагогик компетентлигини ошириш, ота-оналар томонидан фарзандларининг ўқув машғулотларига қатнаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, ижтимоий тармоқлардаги мулоқотини назорат қилишни кучайтириш ишларини давом эттириш жуда муҳим. Муаммоли оилаларда ўсмирларни қонунбузарлик ҳолатларини содир этишдан фақатгина ота-оналар, ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоат ташкилотлари ходимларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан асраб қолиш мумкин. Вояга етмаганлар томонидан қонунбузарликларни содир этиш сабаб ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида ота-она ва педагогларнинг фикрича, маҳалла фуқаролари йиғинларида тизимли ўқув ва ахборот-маърифий кампаниялар ташкил этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишга доир ишларни фаоллаштириш зарур.
Умуман олганда, сўров ўрта ва юқори мактаб ёшидаги ўсмирларнинг мутлоқ кўпчилиги ҳаётда аниқ мақсад ва келгуси режаларга эга эканлигини кўрсатди. Ўсмирларнинг устувор ҳаётий мақсадлари турфа характерга эга бўлиб, улар энг аввало, улғайиш, тезроқ болаликдан мустақил ҳаётга ўтиш интилишларига асосланган. Ўсмирлар ўз келажагини Ватанга хизмат қилиш каби олий мақсад билан боғламоқда, йигит ва қизлар жамиятнинг муносиб аъзоси, керакли инсон бўлиб етишиб, ўз ота-оналарига кўмакчи ва таянч бўлиш истагида.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида