Ички ишлар органларида пробация хизмати ташкил этилади

Ички ишлар органларини халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, ички ишлар органларининг энг юқори бўғинидан энг қуйи бўғинигача фаолияти тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Куч ва воситалар қайта тақсимланиб, аҳолига бевосита яқин бўлган қуйи тизимлар мустаҳкамланди. Соҳага энг замонавий ва инновацион технологиялар жорий этилиб, ички ишлар ходимлари учун зарур моддий-техник шарт-шароитлар яратиб берилди. Натижада жиноятчиликнинг йилдан-йилга камайишига эришилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жиноятчиликка қарши курашишда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан эътиборан ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ва тегишлича унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Мазкур тузилма ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида барпо этилади.

Пробация хизматига бир қатор муҳим вазифалар юклатилди. Жумладан, мазкур хизмат ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этади.

Шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.

Назорат остидагилар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашади.

Назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга оширади. Уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретини тузган ҳолда ўрганиб боради.

Қарор билан жиноий жазоларнинг ижросини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилади. Бу жараёнда жиноят-ижроия қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, тизимлаштириш ва уйғунлаштиришга эътибор қаратилади. Маҳкумлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги механизмлари жорий этилади.

Маҳкумлар онгида қонунга итоаткор хулқ-атвор, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш тизими такомиллаштирилади. Умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос равишда маҳкумлар ҳуқуқлари доираси янада кенгайтирилади. Маҳкумлар, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда бандлигини таъминлаш тизими ривожлантирилади.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат самарадорлиги оширилади.

Жазони ижро этиш муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, уларнинг озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган шахсларни ижтимоий мослаштиришда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорлиги таъминланади.

Шу ўринда юртимизда янги тузилма сифатида ташкил этиладиган пробация хизмати моҳиятини соддароқ қилиб тушунтириб ўтсак. Масалан, А. исмли шахс ўғирлик жиноятини содир қилди ва суднинг ҳукмига кўра, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Лекин суд содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, бу шахсга тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келиб, унга нисбатан шартли 2 йил синов муддати белгилади.

Бундай вазиятда судланувчига муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органдан рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши каби мажбуриятлар ҳам юклатилади.

Пробация хизмати эса ушбу синов муддати давомида маҳкумга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади. Унинг хулқ-атвори, қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаб боради ва профилактик чораларни амалга оширади. Бу эса ўз ўзидан шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш имконини беради.

Пробация хизмати нафақат синов, балки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини ҳам назорат қилади.

Зеро, бугунги кунда жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг қўлланилиши йил сайин ортиб бораяпти. Зотан, жиноят содир қилган шахсга жазо тайинлашдан асосий мақсад маҳкумни ахлоқан тузатишдир. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланишининг сабаби эса маҳкумларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишдир.

Бу эса, ўз навбатида, ички ишлар органларининг амалда фаолият юритаётган озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Ана шу зарурат туфайли пробация хизмати ташкил этилмоқда.

Пробация хизмати пайдо бўлиши тарихига назар солсак, ушбу хизмат илк бор 1887 йилда жорий этилган. Ҳозирда кўплаб ривожланган мамлакатларда шундай хизмат фаолият юритади.

Масалан, Латвияда пробация хизмати мустақил давлат хизмати ҳисобланади. Грузияда бу борада махсус агентлик мавжуд. Буюк Британияда улар жамоат ишларига жалб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, пробация хизматининг ташкил этилиши озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан самарали назоратни амалга оширишга хизмат қилади.

 

Муроджон Матниёзов,

ИИВ Ташкилий департаменти бош референти.