Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қилувчи тизимни шакллантириш масалалари устувор аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 16 февраль куни Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ПФ-22-сон “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон- 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган давлат дастури мамлакат тараққиётида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
2026 йилга мўлжалланган мазкур давлат дастурида юртимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли вазифалар белгиланди. Хусусан, маҳалла тизимини бошқаришда замонавий ёндашувларни жорий этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Фармон билан тасдиқланган амалий тадбирлар режасининг тўртинчи устувор йўналиши-қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш масалаларига бағишланган. Ушбу йўналиш доирасида Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ҳамда сиёсий партиялар ролини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, Парламент қўмиталари фаолиятини илмий ёндашувлар асосида кучайтириш мақсадида уларнинг илмий-тадқиқот ташкилотлари ва таҳлил марказлари билан тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Бунда Қўмиталар ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, ҳамкор ташкилотлар рўйхатини шакллантириши, улар билан меморандумлар имзолаши, аниқ “йўл хариталари”ни тасдиқлаши ҳамда ҳамкорликни институционал асосда ташкил этиши назарда тутилган.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги жараёнига, шу жумладан, маълумотлар, қонунчилик ҳужжатлари ва хорижий давлатлар тажрибасини таҳлил қилишда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш чораларини кўриш, бунда ривожланган хорижий давлатлар амалиётини ўрганиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш, инфратузилма ва технологияларни тайёрлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, сунъий интеллект асосидаги дастурий ечимларни яратиш ҳамда тажриба (пилот) лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилди.
Ушбу чора-тадбирлардан кўзланган бош мақсад — қонун ижодкорлиги жараёнини илмий асослаш, Парламент фаолиятини чуқур таҳлил ва прогнозларга таянган ҳолда ташкил этишдир. Эндиликда қўмиталар фаолиятига профессионал экспертлар, олимлар ва мустақил таҳлилчиларни кенг жалб этиш орқали, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ҳаётийлиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий технологиялар ва илғор хорижий давлатлар тажрибаларидан самарали фойдаланиш имконияти янада кенгаяди.
Бундай ёндашув, айниқса, давлат дастурлари ва стратегик ҳужжатлар ижроси устидан парламент назоратини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир. Илмий марказлар томонидан бериладиган холис баҳолар, таҳлилий хулосалар ва прогнозлар парламент қарорларининг сифатини оширишга хизмат қилади. Шу орқали мамлакатда мавжуд илмий салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, “далилларга асосланган қарор қабул қилиш” (evidence-based policy) амалиётини кенг жорий этиш учун мустаҳкам замин яратилади.
Шунингдек, Қўмиталар фаолиятининг илмий-таҳлилий база билан чамбарчас боғланиши парламент институтининг институционал салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиради. Энг муҳими, бу жараён қонунларнинг ҳаётийлиги, ижро интизоми ва жамоатчилик манфаатларига мослигини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат дастурида белгиланган мазкур янгиликлар Парламентни замонавий “билимлар маркази”га айлантириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш ҳамда давлат бошқарувида очиқлик ва самарадорликни кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир. Бу эса, ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда илмий асосланган, халқчил ва натижадор қарорлар қабул қилинишига мустаҳкам пойдевор яратади.
А.Орипов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.