Давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ҳужжат мазмунан қаттиққўл жазо чоралари билан бирга профилактика, таълим ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир.
Бу фармон нима учун муҳим? У жамият ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?
Эрта никоҳ – ижтимоий муаммодан ҳуқуқий назоратга
Сўнгги йилларда эрта никоҳ ҳолатлари кескин камайгани айтилса-да, айрим ҳудудларда муаммо сақланиб қолмоқда. Янги фармон бу масалага тизимли ёндашувни жорий этади.
Энди эрта никоҳ ёки 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мажбурий тартибга айланади. Маҳалла, ФҲДЁ, таълим ва тиббиёт муассасалари, ҳатто, диний идора вакиллари ҳам бу борада масъул ҳисобланади. Хабар бермаслик — жавобгарликка сабаб бўлади.
Бу ёндашув икки муҳим натижага олиб келиши мумкин:
– яширин ҳолатлар (латентлик) камаяди;
– жазо муқаррарлиги таъминланади.
Шу билан бирга, 2027 йилдан бошлаб 21 ёшдан кейин никоҳ тузган ёш оилаларга қўшимча имтиёзлар берилиши давлат фақат чеклаш эмас, балки онгли никоҳни рағбатлантириш йўлини танлаганини кўрсатади.
“Иккинчи имконият” – ёш оналар учун муҳим қадам
Фармоннинг ижтимоий аҳамиятли жиҳатларидан бири ҳомиладор талаба-қизлар ва ёш оналар учун таълимни давом эттириш имкониятларининг кенгайтирилишидир.
– академик таътил даврида ҳам ўқишни онлайн давом эттириш имконияти яратилади.
Бу қарор аёлнинг тақдири фақат эрта турмуш билан чекланиб қолмаслиги, унинг таълим олиш ва касб эгаллаш ҳуқуқи устувор эканини англатади.
Зўравонликка қарши янги босқич
Фармон зўравонликка қарши курашишни ҳам янги босқичга олиб чиқади.
Эътиборли жиҳатлар:
– ҳимоя ордери берилган аёллар учун “SOS” мобил хизмати жорий этилади;
– жинсий жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов ваколати фақат прокуратурага ўтади;
– вояга етмаганларга нисбатан жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилади, бундай ишлар махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан кўрилади.
Бу – зўравонликни “оилавий масала” эмас, балки жамият хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолаш сиёсати мустаҳкамланаётганини англатади.
Янги таҳдидлар: киберзўравонлик ва сталкинг
Ҳужжатда фемицид, сталкинг, киберзўравонлик ва онлайн-груминг каби замонавий хавф-хатарлар учун жавобгарлик белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Бу эса ҳуқуқий тизим рақамли макондаги таҳдидларга ҳам жавоб қайтара бошлаганини кўрсатади.
Давлат муаммонинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашмоқда.
Яъни, ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича иш олиб борилади.
Жазо ва ҳимоя ўртасидаги мувозанат
Янги фармон фақат жазо чораларини кучайтириш билан чекланмайди. Унда рағбатлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим, рақамли назорат ва профилактика чоралари уйғунлашган.
Энг муҳими, аёллар ва болалар хавфсизлиги давлат сиёсатининг марказига чиқарилмоқда.
Агар белгиланган чора-тадбирлар амалда тўлиқ ва самарали ижро этилса, бу ҳужжат нафақат ҳуқуқий ислоҳот, балки жамият тафаккурини ўзгартиришга қаратилган стратегик қадам сифатида тарихда қолиши мумкин.