Ўзбекистонда синов тариқасида суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш бошланди

Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида 12 та синов судларида суд мажлисларини online.oliysud.uz сайти орқали онлайн трансляция қилиш йўлга қўйилди, дея хабар қилди Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz» нашрига.

Йил сўнгига қадар тизимга яна 22 та, 2019 йил давомида эса яна 100 дан ортиқ судларни қўшиш режалаштирилмоқда.

«Мазкур қадам суд жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини мутлақо янги даражага олиб чиқиш, шунингдек судлар фаолияти самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган», — деди Азиз Обидов.

Мажлислар видеоёзувлари архивда сақланади ва уларни суд иши рақами бўйича топиш мумкин. Шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш учун суд мажлислари фақатгина томонларнинг розилиги билан трансляция қилинади.

Бундан ташқари, 25 сентябрдан Ўзбекистон Олий судининг sud.uz, oliysud.uz ва supcourt.uz манзилларида фаолият олиб борувчи янги интерактив имкониятлари тақдимоти ҳам ўтказилди.

E-SUD тизими орқали нафақат судга ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, балки ишнинг кўриб чиқиш босқичларини кузатиб бориш ва суд қарорларининг электрон нусхаларини олиш ҳам мумкин.

Сайтга ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишга оид 500 га яқин намуналар жойлаштирилди.

Шунингдек, Олий суд расмий интернет манбасида шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш учун томонлар розилиги билан суд қарорлари эълон қилиниши мумкин.

Сайтнинг янгиланган талқини Олий суд, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик» қўшма дастури доирасида ишлаб чиқилди.