Ўзбекистонда ҳимоя ниқоби ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 1 ойда 9 баробарга ошди

Жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида коронавируснинг аҳоли орасида кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида тиббиёт ниқоблари ва халатларини ишлаб чиқариш ҳажми кунига 5 миллион донага етказиш бўйича бир қатор топшириқлар берилганди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан республика ҳудудида жойлашган тўқимачилик корхоналари айни пайтда ўрганилди ва мавжуд қувватларни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилди.

31 март ҳолатига кўра, ҳимоя ниқобларини ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 195тага етган ва март ойининг 1-санасига нисбатан 9,3 баробарга ошди. Ниқоблар ишлаб чиқаришнинг кунлик ҳажми 2 миллион 640 минг донани ташкил этмоқда. Тиббиёт халатлари (комбинезонлар)ни ишлаб чиқариш кунлик 9 минг донани ва тиббиёт докалари 398 минг погон метрни ташкил этмоқда, корхоналар сони 24тага етди.

Ҳимоя ниқоблари республиканинг деярли барча вилоятларида ишлаб чиқарилиб, энг кўп ниқоб Тошкент вилоятида (404 минг дона), Тошкент шаҳрида (283 минг дона), Қашқадарё вилояти (232 минг дона) ишлаб чиқарилмоқда.

Ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналар сони бўйича биринчи учталикдан Бухоро вилояти -28та, Тошкент шаҳри – 20та, Қашқадарё – 19та жой олган.

Юқорида кўрсатилган корхоналар сони ва ҳажмлар уюшма томонидан мониторинг ўрнатилган корхоналарга тааллуқли бўлиб, реал ишлаб чиқариш ҳажмлари бу кўрсатгичлардан фарқланиши мумкин.

Ҳозирда ниқоб ишлаб чиқаришни 5 миллион донага ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.