30 кунгача муддатга келган чет элликларни рўйхатга олишни бекор қилиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 июлидан визали ёки визасиз режим асосида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда Ўзбекистонда бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган президент фармони лойиҳасида бу ҳақда сўз боради. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси муҳокамалари 24 декабрга қадар давом этади.

Келгуси йилнинг 1 июлидан туристик йиғим ҳисобини юритишнинг ягона тизимини жорий этиш белгиланган. Бунда ушбу тўловни, жумладан миллий мобил тўлов иловалари ва халқаро тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилади. Чет элликларнинг мамлакат ҳудудида бўлиб туриши ва уларнинг ўз вақтида чиқиб кетиши устидан назорат туристик йиғим тўловини текшириш йўли билан амалга оширилади.

Барча назорат-ўтказиш пунктларида валюта айирбошлаш ва туристик йиғимларни қабул қилиш шохобчалари очилиши лозим.

Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар чегара ўтказиш пунктлари яқинида йўловчи ва юк ташиш хизматларини кўрсатишга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш ҳам режалаштирилмоқда.

Фармон лойиҳасида 1 январдан гидлар (гид-таржимонлар), экскурсоводлар ва инструктор-проводниклар хизматларини ўзини ўзи банд қилган фуқароларга бериладиган вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бўйича фаолият (хизматлар, ишлар) турларига тенглаштириш таклиф қилинмоқда.

Археологик туризмни ривожлантириш учун археологик боғлар ва вақтинчалик ёзги дала лагерлари негизида археология бўйича экспедицион дастурларни (туристларни археологик қазишмалар ва разведкаларда иштироки) ташкил этиш белгиланган. Олтин конлари ҳудудларида туристик хизматларни ривожлантириш имкониятлари ўрганилади.

Ногиронлиги бўлган одамлар учун туризм хизматларини (инклюзив туризм) ривожлантириш учун ногиронлиги бўлган одамлар учун мамлакат бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш ва инклюзив туризмни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи алоҳида жамоат ташкилотларини очиш таклиф қилинмоқда.

Ёзгачча ногиронлиги бўлган одамларнинг маданият объектлари, авто ва темир йўл вокзаллари, аэропортларда тўсқинликларсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилиниши лозим.

2020 йилда шаҳарларда хусусий инвесторларни жалб этган ҳолда аллея ва хиёбонлар сонини ошириш бўйича амалий чораларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳада маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар учун авиация инфратузилмаларидан фойдаланишга нисбатан тенг (дискриминацияларсиз) тариф шартларини ўз ичига олган ҳолда тарифларни қайта кўриш чиқиш ҳамда қўшимча тўловларни олишга йўл қўймаслик таклиф қилинмоқда.

Апрелга қадар Ҳаво кодексига бекор қилинмайдиган ва юксиз тарифлардан фойдаланган ҳолда авиаташувлар нархини оптималлаштириш мехагизмларини жорий этишни кўзда тутувчи ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

2023 йил 1 январгача маҳаллий ва хорижий юридик шахсларга авиация ёқилғиси ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳамда авиация ёқилиғи ва ЁММни тайёрлаш уучн хом ашёларни олиб киришда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари) тўлашдан озод қилиш таклиф қилинмоқда.

2020 йил 1 июлига қадар мамлакатдаги барча аэропортларда давлат хусусий шерикчилик (ДХШ) асосида божсиз савдо дўконларини (Duty Free) очиш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, келгуси йил давомида халқаро аэропортларга туташ 1 км радиусда, жумладан ДХШ шартларида автомобиль тураргоҳлари, кафе, ресторон, мини банклар, меҳмонхоналар ва бошқа объектларни ташкил этиш учун 5 гектардан ортиқ бўлмаган ҳажмда ер участкаларини бериш режалаштирилмоқда.