Армия хизматидан сўнг, аввалги ишни қандай тиклаб олиш мумкин?

CАВОЛ:

Мени ҳарбий ҳизматга чақиришганлиги сабабли ишдан бўшадим. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлганимдан кейин аввалги ишимга жойлашиш бўйича қандайдир кафолатлар борми?

Бахром. В., Фарғона шаҳри.

ЖАВОБ:

Меҳнат кодексининг 68-моддасига кўра, ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.

Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга.

Корхона қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни унинг ҳуқуқий вориси, корхона тугатилганда эса — маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.