Коммунал хизматлар ҳақини тўламаслик қандай оқибатларга олиб келади?

Кейинги йилда қонун ҳужжатларига коммунал хизматлар истеъмолчиларининг тўлов интизомини мустаҳкамлашга доир янги нормалар киритилди. Бундан тегишли хизматларнинг эслатишига ўрин қолдирмай, ўз вақтида тўлаш керак деган хулоса чиқариш мумкин, деб ёзади Norma.

Барча янгиликлар, шу жумладан Мажбурий ижро бюросига электр энергияси, газ, совуқ сув ва сув чиқариш ҳақини тўлаш бўйича қарздорликларга қарши курашиш ваколатларининг берилиши ҳамма истеъмолчилар хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлашини кўзлайди.

Давлат коммунал хизматлар ҳақи ўз вақтида тўланишини рағбатлантиради. Жисмоний шахслар тўлов кунидан бошлаб ўн икки ойдан ошмайдиган давр учун аванс тариқасида тўлаган коммунал хизматлар ҳақи тегишли тарифлар ошган тақдирда қайта ҳисоб-китобдан озод қилинади.

Электр энергияси истеъмолчиларининг тўлов интизомини мустаҳкамлаш учун электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматик тизими ҳамда олдиндан тўлов функциясига эга ҳисоблагичлар жорий этилмоқда. Жорий этилган қоидага кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизматига 100%лик олдиндан ҳақ тўланади.

Шундай қилиб, коммунал хизматлар ҳақи ўз вақтида тўланмаса, бу қандай оқибатларга олиб келади? Дастлаб қуйидаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, жавобни жадвалда баён этдик:

• Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари;
• Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари;
• Табиий газдан фойдаланиш қоидалари;
• Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари;
• Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари;
• Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом;
• Президентнинг 15.02.2018 йилдаги «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–5343-сон Фармони;
• Президентнинг 16.11.2017 йилдаги «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5241-сон Фармони.

Қарздорлар рўйхатида бор-йўқлигингизни Бюро сайтидаги интерактив хизматдан фойдаланиб текшириб кўришингиз мумкин.

Қарздорлар орасида ўз хатти-ҳаракатларини хизматлар тўлиқ етказиб берилмаганлиги ва уларнинг сифати лозим даражада эмаслиги билан оқламоқчи бўлганлар кўп топилади. Шуни назарда тутиш лозимки, қонун ҳужжатлари ва қоидалар нафақат хизматларни етказиб берувчилар, балки истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Коммунал хизматларни етказиб берувчиларга нисбатан эътирозларни улар юзага келиши билан қисқа муддат ичида ёзма шаклда билдириш ва уларнинг бартараф этилишига ёхуд бошқа қонуний қарорлар қабул қилинишига эришиш даркор. Индамай туриб, хизматлар ҳақини тўлашдан ўзбошимчалик билан бош тортиш қарздорлик юзага келишига сабаб бўлади, уни эса барибир тўлашга тўғри келади.

Асоссиз ҳисобланмалар юзасидан хизматни етказиб берувчига, у электр энергияси, совуқ сув, сув чиқариш ва газ билан боғлиқ бўлса – Мажбурий ижро бюросига ҳам эътироз билдириш зарур.