1 сентябрдан тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар бекор қилинади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан 2018 йил 1 сентябрдан:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинади.

Белгилаб қўйилишича, 2018 йил 1 сентябрдан:

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.