Фарғоналик тадбиркор нимадан норози? Ёхуд ҳоким қарори қачон чиқади?

Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади. Боиси, тадбиркор тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди, аҳолини иш билан таъминлайди, ҳудудни обод қилади. Бор имкониятини ишга солиб, оиласи даромади, юрти ривожи учун кеча-ю кундуз меҳнат қилади.

Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш, аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга турли имтиёз ва қулайликлар яратилаётир.

Афсуски, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамай ҳанузгача айрим тўсиқлар, англашилмовчиликлар туфайли ўз фаолиятини бошлолмаётган тадбиркорлар учраб турибди. Бу эса тадбиркорларда ҳақли равишда норозилик ҳиссини уйғотмоқда.

Ана шундай мазмундаги мурожаатлардан бири Риштон тумани, Хуррамобод қишлоғида яшовчи ёш тадбиркор Саида Матқосимовадан келиб тушди. O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгашига келган мурожаат жойида ўрганилди ва тадбиркорнинг эътирози эшитилди.

Маълум бўлишича, тадбиркор 2018 йилда туманнинг энг чекка қишлоқларидан бири “Чўнғора” қишлоғида хусусий мактабгача таълим муассасаси қуриш таклифи билан тегишли идораларга мурожаат қилган. Лекин орадан бир йил вақт ўтса-да унинг мурожаати ҳал этилмаган.

“Чўнғора қишлоғида салкам ўн беш йилдан буён мактабгача таълим муассасаси деярли фаолият кўрсатмайди. Ҳудудда эса 400 нафарга яқин боғча ёшига тўлган болажонлар бор. Шу боис қишлоқдаги эски ва фойдаланилмаётган ҚВП биноси ўрнига янги замонавий шароитларга эга МТМ қурмоқчи эдим. Бу масалада туман ҳокимлиги, туман мактабгача таълим бўлими ва вилоят ҳокимлигига ҳам мурожаат қилдим. Аммо натижа бўлмади”, – дейди С. Матқосимова.

Мазкур масала юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Т.Хайдаров томонидан шу куннинг ўзида туман мактабгача таълим бўлимига сўров юборилди. Қолаверса, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров билан учрашиб, масалага ойдинлик киритди.

С.Ҳайдаровнинг таъкидлашича, ҳақиқатан ҳам эски қишлоқ врачлик пункти биноси яроқсиз ҳолатда фойдаланилмай турибди. Лекин бинони бузиш учун ҳокимнинг қарори керак. Бузилган бинонинг ўрни эса аукционга қўйилади. Тадбиркор шу жараёнда аукцион орқали ерни сотиб олиб, қурилишини бошлаши мумкин.

Ўйлаймизки, энг чекка қишлоқда замонавий МТМ барпо этишни мақсад қилган ёш тадбиркор С.Матқосимованинг мурожаати тез орада ҳал этилади ва Чўнғорада ҳам янги боғча қад ростлайди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати