Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми анъанавий ўтказилади

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 22-23 ноябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг дастлабки кунида иштирокчилар “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мероси – универсаллик ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари – Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш асоси сифатида”, “Инсон ҳуқуқлари соҳаси таълими: инновациялар ва янги даъватлар” сессияларида ўзаро фикр алмашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Иккинчи кунги сессия “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ҳамда уларга риоя қилинишини таъминлаш масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги” мавзусига бағишланди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Мўғулистон миллий комиссияси бош комиссари Ямсран Бьямбадорж, Қирғизистон Омбудсмани Токон Мамитов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Индонезия миллий комиссияси раиси Аҳмад Даманик, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўмон султонлиги қўмитаси аъзоси Исҳоқ бин Жумма ал-Харусийнинг маърузалари тингланди.

Ушбу маърузалар ва мавзу юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида сессиянинг таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Шундан сўнг форум якунларига бағишланган якуний мажлис ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусидаги Осиё форуми муваффақиятли ўтганини таъкидлади.

– Икки кун давомида форум сессияларида кўплаб маърузалар тингланди, – деди А.Саидов. – Шунингдек, мавзулар бўйича кичик ишчи гуруҳларда маърузалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Мазкур йиғилишларда элликдан ортиқ иштирокчи – халқаро ташкилотлар, давлат органлари, парламент вакиллари, суд-ҳуқуқ идоралари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини баён этди. Тадбир ташкилотчилари ушбу фикрларни форумнинг якуний ҳужжати – Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини тайёрлашда эътиборга олди ва улар ҳужжатда акс этди. Анжуман қатнашчилари Осиё форуми ўз вақтида ташкил этилгани ва унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалалар муҳокама этилганини қайд этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг махсус вакили Адам Абделмула Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу форум соҳада фаолият олиб бораётган миллий институтлар, халқаро экспертлар учун ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш учун вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. Шу сабабли мазкур форумни анъанавий тарзда ўтказиш таклифини баён этди.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Хелена Фрейзер ҳам форум муваффақиятли ўтганини қайд этиб, унда билдирилган фикрлар Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида долзарб вазифаларни белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлганини таъкидлади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор форумда муҳокама этилган масалалар муҳимлигига эътибор қаратиб, асосий вазифа уларни амалга ошириш эканига урғу берди.

– Биз инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳаракатдан тўхтамасак, олдимизга қўйган мақсадларга эришамиз, – деди Жон Макгрегор. – Икки кун давомида барчамизнинг диққат марказимизда турган масалалар, ўйлантирган саволларга қайсидир маънода жавоб топдик, қандай ҳаракат қилишимиз лозимлигини англадик. Гап инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, миллат келажагига қаратилган ана шу мақсадлар сари интилишда. Барчамиз учун миллат келажагидан муҳим мавзу йўқ. Мазкур форум ҳам Ўзбекистон, умуман, Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади. Биз бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларни ташкилотимизга аъзо давлатларга ибрат қилиб кўрсатамиз.

Форум қатнашчилари икки кунлик муҳокамалар якунлари юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилдилар. Ушбу ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни янада самарали бажаришга хизмат қилиши эътироф этилди.

Осиё форуми доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттирнинг учрашуви ўтказилди. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Форум иштирокчилари учун Самарқанднинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор масканларига саёҳат уюштирилди.