Хабар бериб бораётганимиздек, Фарғона вилояти ҳудудида “Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти томонидан ишлаб чиқилган “Медиа-патрул” лойиҳаси амалга ошириб борилмоқда. Лойиҳа ташаббускорлари январь ойида ўз фаолиятларини давом эттириб, вилоятнинг Тошлоқ ҳамда Қува туманларида бўлдилар ҳамда ушбу ҳудудлардаги маҳаллалар, ижтимоий соҳа объектларида ва бошқа ташкилотларда медиасаводхонлик тадбирларини ўтказдилар. Январь ойида об-ҳавонинг аномал совиб кетиши лойиҳа ташаббускорлари учун тадбирларни ўтказиш учун мос бўлган кун ва вақтни танлашда бироз ноқулайлик туғдирди. Лекин об-ҳаво кўрсаткичлари шунга мос бўлган оралиқ вақтларда тадбирларни кўнгилдагидек ўтказиб олинди.
Тадбирлар давомида таҳририятга қарашли бўлган “Саволлар олами” газетасининг алоҳида махсус сони босмадан чиқарилиб, унда “Медиа-патрул” лойиҳаси доирасидаги мавзуларни ўз ичига олган материаллар ўрин олганлиги аҳоли вакилларига уларни тарқатма материал сифатида беришда жуда қўл келмоқда ва қулайлик туғдирмоқда.
“Медиа-патрул” Тошлоқ туманига келди
Лойиҳа ташаббускорлари тумандаги Қўрғонча оилавий шифокорлик пункти ходимлари билан учрашдилар. Дастлаб уларга таҳририят томонидан ушбу мавзуларда ишлаб чиқилган ва youtube ижтимоий тармоғига жойлаштирилган 20 дан ортиқ роликлар тақдимоти ўтказилди. Ушбу роликларни оила ва дўстлар даврасида кўриш, ижтимоий тармоқлар орқали уларни бўлишиш, дўстларга юбориш тавсия қилинди.
Шундан сўнг уларга тарқатма материаллар берилиб, интернетдан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари, лойиҳа ўз ичига қамраб олган мавзулар юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
“Бизни ишхонамизга ташриф буюрган газета таҳририяти ходимлари интернет воситасида амалга оширилаётган фирибгарликлар, фейк хабарлар ва бошқалар тўғрисида тушунчалар беришди, — дейди Тошлоқ туман Қўрғонча оилавий шифокорлик пункти шифокори Эргашева Юлдузхон. – Берилган маълумотлар ва олинган билим бизни келажакда бу йўналишда алданиб қолмаслигимизга, шу каби тузоқларга тушиб қолмаслигимизга замин яратади. Биз ҳам қўлдан келганча яқинларимизни огоҳлантириб, бу ишларга ўзимизни ҳиссамизни қўшамиз”.
“Медиа-патрул”нинг Тошлоқ туманидаги кейинги манзили ҳудуддаги 39-умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда мактаб ўқитувчилари иштирокида семинар-тренинг тарзида тадбир ташкилланди.
Тадбир аввалида таҳрияритнинг медиасаводхонлик мавзуси остида яратган қисқа роликлари тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилиб, улардан бир нечтасини намойиш қилинди ҳамда иштирокчиларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Иштирокчилар роликлар мазмуни ва сифатига яхши баҳо бериб, уларда кўтарилган мавзуларнинг долзарблигини таъкидлаб ўтдилар. Иштирокчилар билан мазкур роликларни кўриш, дўстлар билан бўлишиш, уларнинг остига холис изохлар қолдириш каби масалаларда келишиб олинди.
Шундан сўнг лойиҳанинг тарқатма материаллари берилиб, ҳар бир мавзу юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Эътиборлиси иштирокчилар томонидан ҳам ўзлари ҳаётда дуч келган бир қатор ҳолатлар ва улардан келиб чиқадиган хулосалар ҳақида фикрлар билдирилгани бўлди.
“Бугун таълим муассасамизда медиасаводхонлик бўйича семинар тренинг ўтказилди. Машғулотда Интернет тармоғи, СМСлар, банк карталари воситаларида амалга оширилиши мумкин бўлган фирибгарликлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар беришди, — дейди Тошлоқ туман 39-умумтаълим мактаби директори Ахунова Мухайёхон. – Биз келажакда мана шу семинардан олган билимларимизни ўқувчиларимизга, уларнинг ота-оналарига етказишга, улар билан биргаликда ишлаб турли хавфли ахборотлардан, улар етказиши мумкин бўлган зарарлардан ўзимизни, болаларимизни ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз”.
“Ҳозирги тренинг машғулотларида биз ўзимиз учун керакли бўлган жуда кўп маълумотларни олдик, — дейди шу мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Рахмонова Саидахон. – Айниқса менда фишинг тўғрисида берилган маълумотлар жуда катта таассурот қолдирди. Ташкилотчиларга ташаккуримни изхор қиламан”.
“Медиа-патрул” Қува туманида бўлиб, бу ерда бир қатор тадбирлар ўтказди
Бугунги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида болаларга боғча ёшидан бошлаб медиасаводхонлик билимлари сингдирилмоқда экан. Қува туманидаги 2-мактабгача таълим ташкилотида бўлганимизда ташкилот масъуллари ва тарбиячиларига берган биринчи саволимиз шу ҳақда бўлди. Улардан эса мавзунинг бугунги кунда ўта долзарблиги, болага ёшлигидан бу борадаги билимларни ўргатиб боришнинг тўғри бўлиши ҳақида ижобий жавобларни олдик.
Ташкилотда болаларга таълим бериб келаётган тарбиячи ва мураббийлар иштирокида ташкилланган тадбир ҳам таҳрияритнинг youtube ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасига жойланган роликлардан намойиш қилиш билан бошланди. Роликлар намойиш қилингач, улардан олинган таассуротлар тўғрисида уларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Шундан сўнг таълим ташкилотининг тадбирда иштирок этаётган ва эта олмаётган барча тарбиячи ва мураббийларига тарқатма материаллардан берилиб, қисқа семинар тарзида интернет, СМСлар, банк карталари воситасидаги фирибгарликлар, интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги, болаларни интернетдаги зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш масалаларида тушунтиришлар бериб ўтилди.
“Ҳозир жуда чиройли тарғибот ишлари олиб борилди. Бундан бизни ходимларимизнинг анчагина ҳуқуқий билимлари ортди, — дейди Қува тумани 2-мактабгача таълим ташкилоти директори Лочиной Бабаева. – Билмаган нарсаларимизни ўргатганларингиз учун сизлардан миннатдормиз. Мана шунақа қилиб жойларда ишчи-ходимларни, аҳолини билимларини ошириб борилса келгусида бу йўналишда адашиб қолишлар камаяди. Газетани алоҳида сонини қўлланма сифатида чиқарилгани эса жуда яхши иш бўлибди”.
Тумандаги кейинги манзил Марказий шифохонанинг Ички касалликлар бўлими бўлиб, бу ерда шифокор ва ҳамширалар иштирокида медиасаводхонлик тадбири бўлиб ўтди.
Медиасаводхонлик бўйича роликлар тақдимотидан сўнг уларнинг бу борадаги қандай билимларга эгалигини билиш мақсадида фикр ва мулоҳазаларини билдиришлари сўралди. Шифокор ва ҳамширалар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар эса уларда ушбу йўналишда дастлабки билимлар мавжудлигини кўрсатди.
Шундан сўнг “Медиа-патрул” лойиҳаси, лойиҳадан кўзланган мақсад ва унинг вазифалари, медиасаводхонлик, фейк хабарлар, шахсий маълумотлар, интернетдан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари, спам, фишинг, кибербуллинг, интернетда банк пластик карталаридан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик чоралари, болалаларни интернетдаги зарарли таъсирлардан асраш каби мавзуларда тушунтиришлар бериб ўтилди.
“Ҳозир бизга “Нуқтаи назар” газетаси таҳририяти ходимлари томонидан “Медиа-патрул” лойиҳаси, унинг мақсад ва вазифалари тўғрисида тушунчалар беришди. Менимча жудаям яхши лойиҳа ишлаб чиқилган, — дейди Қува тумани Марказий шифохона Ички касалликлар бўлими катта ҳамшираси Набиева Иродахон. – Бу мавзу ҳозир аҳолимиз ўртасида роса керакли, долзарб мавзу ҳисобланади. Бу лойиҳани амалга оширилиши ва аҳолининг саводхонлиги ошиши билан биз келгусида катта-катта фожеаларни олдини олган бўламиз”.
“Медиа-патрул” лойиҳасининг январь ойидаги тадбирларида жами бўлиб 67 та турли ёшдаги аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Шуларнинг жинс таркиби бўйича: 13 таси эркаклар (19,4 %), 54 таси аёллар (80,6 %), ёш таркиби бўйича: 28 таси ёшлар (41,8 %), 34 таси ўрта ёшдагилар (50,7 %) ва 5 таси (7,5 %) кексалардан иборат бўлди (маълумотлар қуйидаги инфографикада ўз аксини топган).
Шундай қилиб “Медиа-патрул” январь ойидаги тадбирларини якунлади. Тадбирлар вилоятнинг 2 та ҳудудидаги 4 та манзилни ўз ичига олди. У февраль ойида вилоятнинг яна бошқа ҳудудларига ўз тадбирлари билан ташриф буюриш учун тайёргарлик кўрмоқда. Сиз эса бизни кузатиб боришни унутманг!