Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Uzsungwoo” Ўзбекистон-Корея Республикаси қўшма корхонасида “Коррупция – тараққиётга таҳдид” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида бош директор Ш.Моминжонов ва ходимларни бошқариш бўлими бошлиғи А.Киноян сўзга чиқиб, жамият кушандаси бўлган коррупциянинг ижтимоий ҳаётга, корхона тараққиётига салбий таъсири ҳақида гапириб ўтдилар. Сўнгра иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаменти Фарғона вилояти бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи подполковник Ш.У.Ўрмонов слайд орқали мавзу бўйича батафсил маълумот берди.
Айтиб ўтилганидек, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин курашилмоқда. Бу борада қонунчилик тизими яратилган. 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш кўзда тутилган.
Коррупциянинг умумий тушунчаси шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдан иборатдир.
Коррупцияга оид ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жиноий жавобгарликка асос бўлади.
Қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади.
Давра суҳбатида комплаенс хизмати бошлиғи Т.Абдуғопиров “Ўзавтосаноат” АЖ тизимида коррупцияга қарши олиб борилаётган амалий ишлар ҳамда “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низом бўйича ахборот бериб ўтди.