Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари шу туманда яшовчи Г.Абдурахмонованинг кафолат муддати ўтган кир ювиш машинасига сервис хизмати кўрсатилмаётганлигидан норози бўлиб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у «Артел» маркали кир ювиш машинасини 3 йиллик кафолат муддати билан сотиб олган. Маиший буюмнинг кафолат муддати ўтгандан сўнг маълум вақт ишлаганидан сўнг унда носозликлар кузатилган. У бу ҳақда сервис маркази ходимларига мурожаат қилган. Лекин улар томонидан хонадонга келиб носозликни бартараф этиб бериш ишлари чўзиб юборилган. Шундан сўнг у Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига кўра, истеъмолчи кафолат муддати тугаганидан кейин ҳам товарнинг нуқсонларини бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига талаб қўйишга ҳақли. Ушбу талаб товарнинг хизмат муддати мобайнида, агар хизмат муддати белгиланмаган бўлса, ўн йил мобайнида қўйилиши мумкин. Қонуннинг 17-моддасига кўра эса, ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.
Туман жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиш давомида сервис маркази билан боғланиб, ҳолат ҳамда амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар бердилар. Натижада марказ усталари хонадонга ташриф буюриб, кир ювиш машинасининг носозликни юзага келтирган қисмини алмаштириб, нуқсон бартараф этиб берилди.
Дилшоджон Рассаев, Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси