Амалдаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарларга ишлаб чиқарувчи кафолат муддати белгилаши, кафолат муддати мобайнида товарнинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шартдир. Товарда кафолат муддати мобайнида нуқсонлар аниқланган ҳолатида эса истеъмолчида бир қатор ҳуқуқлар бўлиб, шулардан бири нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб олишдир.
Риштон тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.О. Бағдод туманида маиший техникалар савдоси фаолиятини олиб бораётган дўкондан «Ferre» русумли газ плитасини 2 400 000 сўм сотиб олиб, хонадонида фойдаланиши жараёнида плитанинг духовкасида нуқсон мавжудлиги, у яхши ишламаслиги маълум бўлган. Сотувчи билан телефон орқали мулоқотдан эса натижа чиқара олмаган. Шундан сўнг туман истеъмочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, нуқсонли товарни алмаштириб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Масалага туман жамияти мутахассислари аралашуви билан нуқсонли эканлиги даъво қилинган газ плитасини худди шу русумдаги янги газ плитасига алмаштирилиб, истеъмолчи муаммоси бартараф этилди.
Шу ўринда, истеъмолчиларга харид қилган товарингизда унинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирингизда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, Сиз талаб қўйган пайтингиздан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб берилиши шартлигини, сотувчи (ишлаб чиқарувчи)ларга эса ана шу муддатларнинг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун истеъмолчига алмаштирилган товарни бериш билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаш мажбурияти ҳам юзага келишини эслатиб ўтамиз.