Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонлик халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар Россия ички ишлар органларининг “кириши ман этилган шахслар” рўйхатига тушиб қолаётганидан огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, 2025 йил ҳолатига кўра, Россиядаги халқаро автоюк ташишларнинг 25 фоизга яқини ўзбекистонлик ҳайдовчилар томонидан амалга оширилмоқда. Бироқ миграция қоидаларига амал қилмаслик оқибатида кўплаб фуқаролар Россия ички ишлар органларининг “кириши ман этилган шахслар” рўйхатига тушиб қолмоқда.
Миграция агентлиги ҳар бир юк автомобили ҳайдовчиси қуйидагиларга қатъий риоя қилиши шартлигини билдирди:
чегарадан ўтиш вақтида миграцион картани аниқ ва тўғри тўлдириш (мақсад графасида — “туризм” эмас, “служебная” ёки “транзит”ни кўрсатиш).
Россияга киргандан сўнг 15 иш куни мобайнида миграция рўйхатига қўйилиши лозим (бу одатда қабул қилувчи ташкилот ёки иш берувчи зиммасида бўлади).
90/365 муддатини доимий равишда назорат қилиш (яъни 365 кунлик даврда 90 кундан ортиқ қолиб кетмаслик);
транспорт воситаси бузилиши ёки бошқа форс-мажор ҳолат юз берса — албатта расмий акт ёки далолатнома олиш.
Ҳар бир ҳаракат — фақат расмий ҳужжат билан асосланган бўлиши керак. Такрорий ҳуқуқбузарликлар 3–10 йил муддатга Россияга кириш тақиқини келтириб чиқаради, дейилади агентлик хабарида.
Агар хато содир бўлган бўлса, дарҳол Россия Ички ишлар органлари (“ГУВМ МВД РФ”)га ёзма ариза билан мурожаат қилиш, ҳужжатлар орқали сафарнинг ҳақиқий мақсадини исботлаш, агар “кириши тақиқланганлар” рўйхатига туширишган бўлса, апелляция бериш орқали рўйхатдан чиқаришни талаб қилиш мумкинлиги билдирилди. Миграция агентлиги муаммоли ҳолатларда агентликнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонасига мурожаат қилишга чақирди.