Рағбатлантирувчи ёки чегирма акцияларини ўтказиш тартиблари белгилаб берилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21-октябрдаги 662-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унинг асосида «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари» асосий тушунча ва атамалари: рағбатлантирувчи акция, нархнома, чегирма нарх, чегирма нархгача бўлган нарх каби тушунча ва атамалар ҳамда «Чакана савдо қилишда товарларга рағбатлантирувчи акция ва чегирмалар қўллаш хусусиятлари» номли XVII прим 4-боб билан тўлдирилди.

Эндиликда сотувчи нархларни сунъий равишда ошириб, кейинчалик арзонлаштирилган нархларни чегирма сифатида кўрсатиш орқали истеъмолчиларни чалғитиши тақиқланади.

Ўзгартиришлар ва қўшимчаларга кўра, сотувчилар истеъмолчиларнинг қизиқишларини ва савдо ҳажмларини ошириш мақсадида турли рағбатлантирувчи акция ва чегирмаларни қўллашлари мумкин, фақат бу каби рағбатлантирувчи акциялар алкогол ва тамаки маҳсулотларини реализацияси билан боғлиқ бўлмаслиги керак.

Чегирмада у эълон қилинган вақтгача амалда бўлган нарх, яъни чегирма нархгача бўлган нарх кўрсатилади. Бу нарх сифатида эса, ўз навбатида, чегирма эълон қилинган вақтгача бўлган охирги 30 кун ичидаги энг арзон нарх асос сифатида олиниши лозим (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно).

Сотувчи чегирма эълон қилинган товарнинг нархлари ҳисобини юритиши ва истеъмолчининг талабига кўра мазкур товарнинг охирги 30 кунда амалда бўлган нархлари бўйича маълумотлар билан уни таништиришга мажбур (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно).

Ўзгартириш ва қўшимчалар билан рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш ва чегирмаларни қўллашнинг тартиб қоидалари белгилаб берилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, акцияга хизмат муддати ёки яроқлилик муддати яқинлашган, бут бўлмаган, мавсумий характердаги товарларни, эски захираларни тугатиш, қадоқлашнинг шикастланиши ва ёки бошқа шу каби сабабларга боғлиқ бўлган товарларни қўйилганда, сотувчи чегирма тўғрисидаги маълумотда истеъмолчиларни бу ҳақда огоҳлантириши шарт.

Шу ўринда, Қоидаларнинг 189-банди, яъни савдо қоидаларини бузилиши турлари бандига «рағбатлантирувчи акция ва чегирмалар қўллаш бўйича талабларни бузиш» савдо қоидаларини бузилиши деб эътироф этилиши бўйича норма киритилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим.

Ғайрат Маматкулов, ЎИҲҲҚЖ Федерация Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси матбуот хизмати раҳбари.