Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи – ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

  • махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

  • ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

  • содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи: 1146 ишлаб туришини таъминлайди.

Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади.

Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир чораларни қўллаш асослари:

  • тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;

  • тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

  • давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.

Дилшод Турдимуҳаммадиев, 

Тошкент вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва марифат бўлими етакчи маслаҳатчиси