Жиноятнинг асосий бевосита объекти йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлигидир. Қўшимча бевосита объект- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи. Йўл ҳаракати деганда одамлар ва юкларнинг транспорт воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўллар доирасида ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуини тушуниш лозим. У ҳаракати муайян қоидаларга бўйсунадиган пиёдалар, ҳайдовчилар, йўловчилар ва транспорт воситаларини ўз ичига олувчи ижтимоий-техник тизимдир. Ҳаракат асосан йўлларда ва баъзан йўлсизлик шароитида (кўчада, темир йўлларни кесиб ўтиш жойларида, қурилиш майдончаларида, корхоналарнинг ишлаб чиқариш зоналарида, ҳовлиларда, далада ва ҳоказо) амалга оширилади.
Ҳаракат хавфсизлиги деганда фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги, яъни йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати тушунилади.
Фойдаланиш хавфсизлиги-транспорт воситаларидан йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлигини таъминлайдиган тарзда фойдаланиш. Жиноят предмети ҳар қандай транспорт воситалари-ҳар қандай автомобиллар (юк, йўловчи ташийдиган, енгил автомобиллар, спорт автомобиллари ва ҳ.к.), трамвайлар, троллейбуслар, тракторлар ва бошқа механик транспорт воситалари бўлиши мумкин.
Айбдор ҳаракатларини квалификация қилиш учун транспорт воситаси фойдаланишдаги ёки ўқув машинаси эканлиги аҳамиятга эга эмас, чунки ҳар қандай ҳолда у ошиқча хавф манбаи бўлиб қолади. ЖК 266-моддасида назарда тутилган жиноят объектив томондан транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузилиши ва бунинг оқибатида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишида ифодаланади.
Шахсни кўриб чиқилаётган модда бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳар бир муайян ҳолда у томонидан ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқарган қоиданинг у ёки бу банди бузилганлиги аниқланиши лозим. Тергов органлари шахсни ишда айбланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблов хулосасида, судлар эса ўз ҳукмида Йўл ҳаракати қоидаларининг бандлари бузилганига ишора қилиш билангина чекланмасликлари, балки бундай қоидабузарликлар нимадан иборат эканлигини аниқ кўрсатишлари лозим (масалан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, тезликни ошириш ва шу кабилар).
Фойдаланиш қоидаларини бузиш, масалан, қўпол юкларни ташиш, автомашинани лозим бўлмаган жойга қўйиш, транспорт воситасини бошқаришни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахсга топшириш, машинани бўш тросда шатакка олиш, жиҳозланмаган транспорт машинасида йўловчи ташишда ифодаланиши мумкин. Агар транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш содир этилмаган, лекин баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш сифатидаги оқибатлар юз берган бўлса, бу бахтсиз ҳодиса деб эътироф этилиши лозим.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш қонунда кўрсатилган баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш сифатидаги оқибатлар юз берган вақтдан эътиборан тугалланган деб эътироф этилади.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузган шахс етказилган зарарли оқибатлар учун қоидабузарлик билан оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш мавжуд бўлган ҳолдагина жавобгар бўлади. Қоида умуман бузилмаган тақдирда бундай боғланиш истисно этилади (масалан, пиёда ўз эҳтиётсизлиги туфайли автомашинанинг орқа ғилдираги остига тушиб қолади ёки ўзини ўзи ўлдириш мақсадида атайлаб ўзини машина тагига ташлайди). Ҳаракатланаётган транспорт билан жабрланган шахс ўртасида жисмоний боғлиқлик мавжудлиги ҳали кўриб чиқилаётган тоифадаги жиноятларда норматив хусусият касб этувчи сабабий боғланиш мавжудлигидан далолат бермайди.
Нормативлик туфайли сабабий боғланиш жисмоний боғлиқлик умуман рўй бермаган ҳолларда ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Ҳайдовчи ўз нотўғри ҳаракатлари билан тўғри ҳаракатланишга халақит бериши натижасида ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари учинчи шахсларга зарар етказишга мажбур бўлган ҳолда ҳам етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Масалан, қарама-қарши йўналиш қаторига чиқиб олган ҳайдовчи рўпарадан келаётган транспорт ҳайдовчиси учун тўсиқ пайдо қилади, у тўқнашишнинг олдини олиш ёки тўхташ имкониятига эга бўлмай, йўл четидаги пиёдани уриб юборади.
Бунда биринчи ҳайдовчи оқибатлар учун жавоб бериши лозим. Бу ҳолда иккинчи ҳайдовчининг ҳаракатлари охирги зарурат қоидаларига кўра ёки айбсиз ҳолда зарар етказиш (казус) сифатида баҳоланади. Баъзан ҳайдовчининг зарарли оқибатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ҳаракатлари ҳаракат бошқа иштирокчиларининг қоидабузарлиги билан белгиланган бўлишига қарамай, ушбу оқибатларнинг сабаби сифатида амал қилиши мумкин.
Йўл ҳаракати қоидаларида, хусусан, қоидабузарликларнинг олдини олиш талаблари мавжуд. Масалан, уларда ҳайдовчи бошқа шахслар томонидан йўл қўйилган ўзга қоидабузарликларга нисбатан қандай иш тутиши кераклиги кўрсатилган. Бу талаблар бузилган бўлса, айбдор етказилган зарар учун жавобган бўлиши лозим. Хусусан, қарама-қарши транспорт воситаси чироғидан кўзи қамашиб, пиёдани уриб юборган ҳайдовчи ЖК 266-моддаси бўйича жавобгар бўлиши керак.
Сабабий боғланиш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда ҳайдовчида зарарли оқибатнинг олдини олиш техник имконияти мавжуд бўлгани ёки бўлмагани ҳисобга олинади. Бундай имконият бўлмаган ва хавфли вазиятни у эмас, балки ҳаракатнинг бошқа иштирокчилари келтириб чиқаргани аниқланган бўлса, ЖК 266-моддаси бўйича жавобгарлик истисно этилади. Ҳайдовчи кўзи қамашиб пиёдани уриб юборган ҳолда унинг ҳаракатлари, агар у машинани тўхтатиш ёки четга буриб юбориш техник имкониятига эга бўлмаган бўлса, юз берган оқибатларнинг сабаби ҳисобланмайди. Агар хавфли вазиятни унинг ўзи келтириб чиқарган (ошиқча тезлик билан, тақиқловчи белгига қарамай ҳаракатланган) бўлса, зарарли оқибатларнинг олдини олиш учун техник имконият мавжуд бўлмагани юридик аҳамиятга эга эмас.
Кўриб чиқилаётган жиноят субъектив томондан юз берган оқибатларга нисбатан айбнинг эҳтиётсизлик шакли билан тавсифланади. Шахс транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини буза туриб, бу инсон соғлиғига оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиши мумкинлигини англайди, бироқ уларнинг олдини олишига асоссиз равишда ишонади (ўз-ўзига ишониш); транспорт воситасини бошқараётган шахс транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузар экан, қонунда назарда тутилган ижтимоий хавфли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигига кўзи етмаган, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлган (жиноий бепарволик). Бунда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг ўзи қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида бузилиши мумкин.
Жиноятнинг мотиви ва мақсади қилмишни квалификация қилиш учун аҳамиятга эга эмас. Транспорт воситасини бошқараётган ва ўн олти ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин. Бунда у транспорт воситасини ўзбошимчалик билан ёки бировнинг рухсати билан бошқаргани, унда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган гувоҳнома бор-йўқлиги аҳамиятга эга эмас. Аммо бу ҳолда транспортни бошқариш бошқа шахсларга берилишига йўл қўйган автомашина эгалари жавобгарликка тортилиши керак.
Транспорт воситаси ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, агар у одам ўлимига олиб келган бўлса, ЖК 266-моддасининг 2-қисмига биноан жавобгарликка сабаб бўлади. Шу билан бир вақтда, жиноят диспозицияда кўрсатилган оқибатлар мавжуд бўлган ҳолда тугалланган деб эътироф этилишини ҳисобга олиб, турли вақтда содир этилган транспорт ҳодисалари алоҳида-алоҳида квалификация қилиниши лозим.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини содир этилиши олдини олишда бу ҳолатларни чуқурроқ ўрганилиб, таҳлил қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, манфаатдор ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида жойларда тарғибот ишлари олиб борилиб, тегишли хулосалар чиқарилиши лозим.
Шунингдек, бу борада “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 10 январдаги Фармонида таъкидланганидек, биринчидан, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш-демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш, учинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тўртинчидан, оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш даркор.
Авазжон ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси
Шоҳбоз ЙЎЛДОШАЛИЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг судья ёрдамчиси