Эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан тўлаб берилади

Вазирлар Маҳкамасининг 31.10.2026 йилдаги 601-сон қарори билан аҳолининг айрим эҳтиёжманд тоифаларига бир марталик ёрдам кўрсатиш схемаси тасдиқланди.

Ёрдам Президентнинг 28.10.2026 йилдаги ПФ-236-сон Фармони билан 2026/2027 йилги иситиш мавсуми учун назарда тутилган. Ёрдамни Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар олади.

«Маҳалла еттилиги» Ижтимоий реестрга кирмаган оилаларнинг қўшимча рўйхатини шакллантиради. Унга биринчи навбатда боқувчисини йўқотган оилалар, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар, оғир касал шахслар бўлган оилалар, шунингдек, аъзоси миграцияда бўлган оилалар киритилади.

Бундай оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмаслиги лозим. Тошкент шаҳрида марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчилар учун бу чегара 3 баробар этиб белгиланган.

Ёрдам АТ «Халқ банки» ва АТ «Алоқа банки» орқали 2026 йил 30 ноябргача тўлаб берилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 16.04.2024 йилдаги 204-сон қарори билан назарда тутилган базавий меъёрдан ортиқ электр энергияси ва табиий газ нархлари ўртасидаги фарқни компенсация қилиш учун жон бошига даромад чегараси минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробаригача оширилди. Бундай компенсация 2028 йил 1 апрелгача амал қилади.

Худди шу чегара «Саховат ва кўмак» жамғармасидан бериладиган ижтимоий ёрдамга ва кўмир учун компенсацияга ҳам қўлланилади.

Кўмир учун компенсация ҳар бир тонна учун 300 минг сўмни, бироқ йилига 600 минг сўмдан ошмаган миқдорни ташкил этади.

Иситиш мавсумида табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган ёки газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудлардаги хонадонлар учун электр энергиясининг базавий меъёри ойига 200 кВт соатдан 350 кВт соатгача оширилди.

Бундай хонадонлар рўйхатини ҳокимликлар тасдиқлайди.

Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026 йил 1 ноябрдан кучга кирди.