Марказий банк Telegram Аds имкониятларидан фойдаланиб янги усулда фирибгарлик қилинаётганидан огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда фирибгарлар пул маблағларига эҳтиёжманд фуқароларни қизиқтириш учун Telegram Аds имкониятларидан фойдаланиб, оммалашган каналларда “бир зумда кредит олиш” мазмунидаги ёлғон хабарларни реклама қилмоқда.
Ушбу реклама ҳаволасида кўрсатилган Crediitum номли ботга ўтилганда фойдаланувчига кредит ажратишга доир оддий саволлар берилиб, сўровнома сўнгида Айнура исмли менежер билан боғланиш тугмаси пайдо бўлади.
Мазкур менежер аккаунти фирибгарларга тегишли бўлиб, улар билан мулоқот қилиш орқали шахсга доир ва банк карта маълумотларини ҳамда тасдиқлаш кодларини бериш ёки зарарли “APK” иловаларни смартфонга ўрнатиш банк картасидаги маблағлар ўғирланишига олиб келиши мумкин.
“Telegram мессенжерида намойиш этилаётган рекламаларга нисбатан эҳтиёткор муносабатда бўлинг”, дея огоҳлантирди Марказий банк матбуот хизмати.