Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиали талабалари иштирокида молиявий саводхонликни тарғиб қилишни кўзда тутувчи семинар-тренинг ташкилланди. Семинар-тренинг Марказий банк Фарғона вилоят бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбир Марказий банк вилоят бош бошқармаси ижро аппарати раҳбари Рахматжон Боборахимов ва ҳудудий бирлашма масъул ходими Ғайратжон Маматкуловлар тренерлигида ўтказилиб, талабаларга молиявий хизматларнинг кредитлар, омонатлар, валюта айирбошлаш, пул ўтказмалари, пластик карточкалардан фойдаланиш, суғурта, лизинг, брокерлик, ломбардлар фаолиятига оид масалаларда атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилиб, уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш, саводхон бўлишга чорлаш билан бир қаторда, ушбу йўналишлардаги турли фирибгарликлардан, кибержиноятлардан эҳтиёт бўлиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Шу куни худди шундай тадбир Латвиянинг ахборот тизимлари олий менежмент мактаби Фарғона филиали талабалари иштирокида ҳам ташкилланди.