Нуқсони мавжудлиги даъво қилинган мебеллар тўплами алмаштирилди

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Навоий кўчасида яшовчи Б.С.нинг буюм бозори ҳудудидан 10 350 000 сўмга сотиб олинган мебеллар тўпламининг нуқсонли чиққанлиги ва уни алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи мебеллар тўпламини Қумтепа буюм бозори ҳудудида савдо фаолиятини олиб бораётган сотувчидан харид қилган бўлиб, мебел тўпламида нуқсон аниқлангандан сўнг сотувчига бу борада тўғридан-тўғри қилган мурожаатига рад жавоби олган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи ўзига сотилган тўпламлар, гарнитурлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам ўзининг қонуний талабларини қўйиши мумкин. Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига мазкур талаблар тушунтирилди ва уни бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлардан огоҳлантирилди. Ўрганиш ишлари эса нуқсони мавжудлиги даъво қилинган мебеллар тўпламини бошқа мақбул сифатдагисига алмаштирилиши билан якун топди.

Фарходжон Хайдаров, шаҳар жамияти раиси.