Фото: Муқимжон Қодиров, ЎзА

Фарғона ИЭС касаба уюшма қўмитаси медиа тадбир ўтказди

Барчамизга маълумки, 2020 йилнинг 23 ноябр кунида «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги ЎРҚ-648-сон қонун қабул қилинган ва мазкур қонун билан 11 ноябр санаси Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланган эди. Бугун Фарғона иссиқлик электр станциясида корхонанинг касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан ташкилланган медиа тадбир ҳам ана шу санага бағишланиб, ундан кўзланган асосий мақсад корхонада меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилишдан иборат бўлди.

Корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Отабек Миллабоевнинг тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларига берган ахборотига кўра, 1956 йилда қуриб ишга туширилган ва Фарғона водийсидаги 2 та иссиқлик электр станцияларидан бири бўлган ушбу корхонада бугунги кунда 700 дан ортиқ ишчи-хизматчилар меҳнат фаолияти олиб бормоқда. Уларнинг барчаси касаба уюшмалари федерациясининг аъзоси ҳисобланадилар.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида 5 нафар ходимларни пенсияга кузатиш, 25 нафар ходимларни эса юбилейлари муносабати билан турли кўринишларда рағбатлантирилган. Моддий шароити оғир ишчиларга 131 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, ишчи ходимларнинг махсус кийим бош ва ҳимоя воситалари учун 155 миллион сўм, зарарли меҳнат шароитларида ишлаётган ишчиларни сут маҳсулотлари билан таъминлашга 20 миллион сўмдан ортиқ маблағлар сарфланган. 74 нафар ишчи-ходимлар, шунингдек 7 нафар пенсионерлар соғликларини тиклаб олишлари соғломлаштириш масканларига юборилган.

Корхона ишчи ходимларининг фарзандларини турли байрамлар муносабати билан ташкилланадиган оммавий маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этишларига имкониятлар яратиб берилмоқда, музей, театр томошаларига чипталар олиб берилмоқда. Жорий ёз мавсумида улардан 79 нафарини ёзги оромгоҳларда ҳордиқ чиқардилар. Ходимларнинг дам олишларини тўғри ташкиллаш мақсадида уларни республиканинг турли ҳудудларига саёҳатлари уюштирилмоқда. Корхона қошидаги спорт мажмуасида ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари ташкилланиб, корхона биринчиликлари ўтказиб борилмоқда.

– Ҳар бир байрам саналарини ишчи-ходимлар ўртасида кўтаринки руҳда ўтказилиши баробарида, корхонада ишлаб пенсияга чиққан якка ёлғиз, ногиронлиги бор пенсионерлар, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳолидан ҳам мунтазам хабар олиб турибмиз. Барча саъй-ҳаракатларимиз замирида эса ишчи-ходимларимизга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш ва бунинг ортидан меҳнат унумдорлигини ошириш, корхона ва касаба уюшмалари ўртасида имзоланган жамоа шартномасидаги иш берувчи ва касаба уюшмалари зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли ижросини таъминлаш ётипти, – дейди О.Миллабоев.

Корхонада ўтказилган медиа тадбир давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтариш баробарида, ишчиларнинг меҳнат қилиш, овқатланиш ва дам олишлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида корхонанинг айрим цехларига пресс тур ҳам ташкилланди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати.