Истеъмолчининг 6 миллион сўмдан ортиқ суммадаги пуллари тезкорликда ўзига қайтарилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси мутахассислари Тошлоқ тумани «Сўкчилар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи У.Х.нинг сотувчига қайтарилган нуқсонли товарнинг пулини қайтариб ололмаётганлиги хусусида Федерацияда ташкил этилган 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатини ўргандилар.

Мурожаатчи баён қилишича, у шу йилнинг июль ойи ўрталарида «Ишонч» кредит савдо дўконлари тармоғидан муддатли тўлов шартномаси асосида, нархи 6 670 982 сўмлик, 1 дона FCJCFY Megna CHSI-18H INV (+ten) 18000 BTU русумли кондиционерни харид қилиб, 5 400 000 сўм олдиндан тўловни амалга оширган. Кондиционер истеъмолчининг хонадонига олиб бориб ўрнатилганида ишламаган. Шундан кейин хонадонга ташриф буюрган бошқа мутахассислар томонидан кўрсатилган пуллик техник хизмат ҳам натижа бермагач, кондиционер август ойини бошларида ечиб олиб кетилган. Лекин ўтган вақт давомида истеъмолчининг банк картасидан ойлик тўлов суммаси ечиб борилган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, амалга оширган олдиндан тўлови ҳамда пластик картасидан шу кунга қадар ечилган маблағларни қўшиб ҳисобланганда ундан 6 100 000 сўм атрофида маблағ олинган.

Ҳудудий бирлашма мутахассиси томонидан ҳолатга қўшимча аниқлик киритилгач, савдо дўкони раҳбари номига амалдаги қонунчилик талаблари, уларни ижросини таъминланмаслиги оқибатида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тўғрисида хат киритилиб, унда истеъмолчи билан тузилган шартномани бекор қилиш ҳамда унинг пул маблағларини қайтарилиши чораларини кўрилиши сўралгач, истеъмолчининг 6 098 704 сўм пул маблағларини тўлиқ қайтариб, бу ҳақда жавоб хати юборган дўкон раҳбарияти амалдаги қонунчилик талабларига ҳурмат билан ёндошишларини намойиш қилдилар. Истеъмолчи эса ўз ўрнида мурожаатини ўрганиш натижаларидан қониқиш ҳосил қилганини, сотувчига бошқа эътирозлари йўқлигини маълум қилди.

Фахриддин Бойназаров, ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.