2018 йилнинг тўққиз ойида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 889 нафар шахсга нисбатан 28 730 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2017 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 37,9 фоизга, ишлар бўйича эса 36,5 фоизга камайган.
Жумладан, 590 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 27 193 нафарни ташкил этиб, шундан 6 696 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 18 900 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 597 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Шунингдек, 2 449 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 23 487 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 7 216 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 5 462 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик, пора олиш ва бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, безорилик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 6 914 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 294,2 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 980 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
13 096 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 46 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 191 нафар шахсга нисбатан 917 та иш кўриб чиқилди. 655 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 433 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Азиз Обидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди расмий вакили