Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоят ОИТСга қарши кураш марказида пресс-тур ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари ва бошқармаларнинг ахборот хизматлари вакиллари қаторида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида матбуот ва ахборот йўналишида меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимлар ҳам иштирок этдилар.
Мамлакатимиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилиги ижросини таъминлашда Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоятдаги ҳудудий ташкилотлари билан олиб борилаётган ижтиомий шериклик ва ҳамкорлик алоқаларининг ҳам ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Шу нуқтаи назардан ҳудудий бирлашма бошқарма томонидан ташкилланаётган медиа тадбирларда фаол ҳамкор сифатида иштирок этиб келмоқда.
ОИТСга қарши кураш марказида ташкилланган тадбирда дастлаб марказ бош шифокори Эъзоз Абдумуталова халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ОИТС касаллиги тарқалишини олдини олиш, ушбу йўналишда аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари, касалликка чалинган беморларни тизимли асосда даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот бериб ўтиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар марказ бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишдилар ҳамда мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.